Яҳё Синварнинг укаси Ғазо секторидаги ҲАМАС раҳбари бўлди – ОАВ
Муҳаммад Синвар Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳига мустақил равишда раҳбарлик қиляпти ва гуруҳни қайта тиклаш устида ишламоқда.
Яҳё Синвар ўлдирилганидан сўнг, унинг укаси Муҳаммад Синвар Ғазо секторидаги ҲАМАС раҳбари бўлди ва гуруҳни қайта тиклаш устида ишламоқда, деб ёзди The Wall Street Journal (WSJ).
Қайд этилишича, 2024 йил октябр ойида Яҳё Синвар ўлдирилиши ортидан Қатарда жойлашган ҲАМАС вакиллари етакчиларнинг жамоавий кенгашини тузишга қарор қилган. Аммо нашрнинг араб манбаларига кўра, гуруҳнинг Ғазо секторидаги жангарилари бунга рози бўлмаган ва ҳозир Муҳаммад Синвар бошчилигида мустақил тарзда ҳаракат қилмоқда.
WSJ билан гаплашган араб расмийларининг айтишича, жиддий зарар кўрган ҲАМАС янги жангчиларни, жумладан, уларнинг оилаларига озиқ-овқат ва тиббий ёрдам ваъда қилган ҳолда ёлламоқда. Ёлланган жангарилар бир неча кишидан иборат кичик гуруҳларда ҳужумлар уюштириб, махсус ҳарбий тайёргарликни талаб қилмайдиган ўқотар ва танкка қарши қуроллардан фойдаланяпти. Исроил ҳарбийларига кўра, ҲАМАС сўнгги ойларда, асосан, Ғазо сектори шимолида юзлаб одамларни ёллаган.
Муҳаммад Синвар тахминан 50 ёшда экани тахмин қилинади. У ҳам катта акаси сингари гуруҳга ёшлигида қўшилган, бироқ Яҳё Синвардан фарқли ўлароқ, Исроил қамоқхонасида бўлмаган ва «Исроил хавфсизлик хизматлари назарига унчалик тушмаган». Муҳаммад Синвар асосан саҳна ортида ҳаракат қилган ва «Соя» лақабини олган.
Исроилнинг истеъфодаги бригада генерали Амир Авиви ҳам Ғазо секторидаги жангарилар Муҳаммад Синвар томонидан назорат қилинишини айтди. Исроил ҳарбийлари янги етакчини топиш учун «барча чораларни кўрмоқда», деди у.
Яҳё Синвар Исроил қамоқхоналарида 20 йилдан ортиқ вақт ўтказди ва 2011 йил октябр ойида озод қилинди. 2024 йил августида Яҳё Синвар Теҳронда аввалги етакчи Исмоил Ҳания ўлдирилиши ортидан ҲАМАС сиёсий бюросига раҳбар бўлди. 2024 йил 16 октябр куни Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида патруллик қилаётган Исроил қўшинлари томонидан ўлдирилди.
Мавзуга оид
20:38
Қатар Ғазо сулҳ битимининг якуний лойиҳасини ҲАМАС ва Исроилга топширди
21:34 / 08.01.2025
Ғазо аҳолиси уруш бошланганидан бери 6 фоизга камайди
13:18 / 08.01.2025
БАА Исроил ва АҚШ билан Ғазо секторидаги бошқарувни муҳокама қилди
18:27 / 06.01.2025