“Ҳеч бир сабабсиз хаста бўлаётганлар бор”: руҳий касалликлар шифохонасидаги ҳаёт ҳақида
Кучли стресс, моддий йўқотиш ёки оғир жудолик кўп ҳолларда руҳий ҳолатнинг бузилишига олиб келади. Аммо руҳий хасталарнинг ярмида касалликнинг келиб чиқиш сабаби номаълум. Даволанаётганлар орасида ўзига тўқ, оиласида муаммоси йўқ ва ҳатто илмий иш қилаётган олимлар ҳам бор, дея ҳикоя қилади руҳий асаб касалликлари шифохонаси шифокори.
Одамлар руҳий касалликлар шифохонасини бирмунча қўрқинчли жой сифатида тасаввур қилишади. У ерда даволаниб қайтганлар эса жамиятдан узиб қўйилади. Негаки, кўпинча филмлар ва бошқа медиаконтентларда руҳий касалликларга чалинган беморлар хавфли инсон сифатида тасвирланади. Аммо уларнинг барчасини ҳам бунақа дея олмаймиз. Аслида руҳий носоғломлик ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса ва тиббий муолажа олинса тузалиб кетиши мумкин бўлган хасталикнинг бир туридир: Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия йўналиши Тошкент шаҳар филиалида шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.
“Бугун олиб кетиб, эртасига ташлаб кетадиганлар бор”
“Руҳий касалликлар шифохонаси дейилганда, одамларда озгина чўчиш бўлади. Бу бир умрга қандайдир тамға, қариндошлар орасида қандайдир камситилиш ёки оилани ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бизнинг тилимизда бу “сигма” дейилади, яъни ўша шахсга нисбатан қандайдир чегаралар қўйилади. Аслида бу нотўғри, чунки руҳий касалликлар ҳар қандай оддий касалликлар билан ўхшаш. Бу касаллик ҳаммада бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда замоннинг шиддат билан ривожланиб кетиши ва ўзгаришларга мослашиш инсонга қийинчиликлар туғдирмоқда. Бу эса кўп ҳолларда руҳий хасталикка сабаб бўлади. Шунинг оқибатида турли хил кетма-кет стресслар, ҳар хил касалликлар ва “травма”лар оқибатида ҳар қандай одам бу касалликдан ҳимояланмаган деб ўйлайман. Кўп нарса фуқароларнинг билим даражаси ва тушунчаларига боғлиқ. Айрим оилалар биринчи қўнғироқдаёқ ҳаракатга тушади. Масалан, болаларни оладиган бўлсак, ўқитувчиси билан гаплашади, мактаб психологи ва атрофдагиларнинг ўзгаришини сезиб, ҳамма бирдек ҳаракат қилса, олдини олиш мумкин. Айрим оилаларда эса юқорида айтиб ўтилганидек, орқага суриш, яхши бўлади деб ўтказиб юбориш ҳолатлари кўп бўлади”, - дейди Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия йўналиши бўйича Тошкент шаҳар филиали бўлим бошлиғи Осиёхон Қосимова.
Психиатрнинг айтишича, даволаш муддати ҳолатига қараб ўртача бир ярим ой давом этади. Барча харажатлар давлат томонидан қопланади. Чунки руҳий касалликлар бошқаларига қараганда ноодатий хатти-ҳаракатлари, турли хил гап-сўзлари, ҳаттоки ҳужум қилиш ҳолатлари билан фарқ қилади. Улар нафақат атрофдагиларга, балки ўзларига ҳам ташланиб қолади.
“Айрим руҳий касалликлар наслдан наслга ўтиб кетиши мумкин”
“Бизнинг бўлимда туғма касаллар сони кўп эмас, қарийб 2 фоиз. Қолгани ҳаёт йўлида орттирилган. Улар орасида айрим касалликлар наслдан наслга ўтиб келиши мумкин. Энг муҳими стрессга чидамлилик. Йўқотишларни одамлар ҳар хил кўтаради. Масалан, шунақа инсонлар бор, тўртта бешта фарзандини йўқотган, лекин ҳаётда ўзини тутиб турган, агар ташқаридан қарасангиз, дарди йўқ инсонга ўхшайди. Ўтириб гаплашсангиз, унинг шунақанги йўқотишлари борки, унча-мунча одам чидай олмайди. Айрим одамлар масалан, оддий ишидан кетса, лавозимдан тушса ёки бир авария оқибатида машинасидан айрилса, стрессга тушиб қолади. Оқибатда инсоннинг руҳий ҳолати бузилади ва депрессия ёки невроз каби касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда кишига биринчи ўринда оиласи ва яқинларининг қўллаб-қувватлови керак. Биз стрессга дош бера олмай шифохонага тушиб қолган ҳолатларни кўриб жуда ҳам таъсирланамиз. Энг катта муаммо “сигма”, яъни руҳий беморларни ажратиш. Айрим оилаларга бундай беморларни қабул қилиш қийин, ҳаттоки йиллаб ташлаб кетишади. Бироқ яхши оилалар ҳам бор, ота-онасини даволатади”, - дейди психиатр Осиёхон Қосимова.
Психиатр стресс руҳий касалликларга сабаб бўлувчи бир омил эканини айтиб, бунда болани тарбиялашда унга эрк ва мустақиллик бериш кераклигини тавсия қилди.
“Ортиқча меҳр-эътибор кўрсатиш стрессга чидамлиликни ривожлантирмайди ва бола мустақил бўла олмайди. У биринчи учраган муаммо олдида таслим бўлади ва ҳамма айбни ота-онага ёки атрофдагиларга ташлаб қўйиши одатий бўлиб қолади”, - дейди Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия йўналиши Тошкент шаҳар филиали бўлим бошлиғи Осиёхон Қосимова.
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия йўналиши бўйича Тошкент шаҳар филиалида руҳий бемор аёллар улуши тахминан 45 фоизни ташкил қилади. Қолган қисми эркаклар ҳиссасига тўғри келади. “Эркакларни даволаш аёлларга нисбатан осонроқ”, дейди 8-ёпиқ бўлим мудири Гулноза Рўзиева.
“Руҳий касалликларда ташхислар эркак ва аёллар учун бир хил бўлади. Бизнинг касаллигимизни оғирлаштириши мумкин бўлган ҳолатлар бор. Масалан, эркаклар алкогол ёки тамаки маҳсулотлари қабул қилади. Шифохонада қатъий режим мавжуд бўлса-да, баъзи беморлар бу режимдан норози бўлишади. Режим кимгадир мос келади, кимгадир эса йўқ. Аммо у бўлмаса, даволаш яхши натижа бермаслиги мумкин. Кўп марта келган беморлар билади: бу ерда уларга қўпол муомала қилинмайди.
Руҳий беморлар ўзларининг руҳий ҳолатини тўлиқ баҳолай олмайди, шунинг учун улар кўпинча давони керак эмас деб ўйлашади. Яқинлари эса ҳолати ёмонлашганда ёрдам сўраб келишади. Янги келган беморлар билан ишлашда биз дорилар билан бирга психатерапевт ёрдамидан фойдаланамиз. Турли терапияларни амалга оширамиз”, - дейди эркаклар бўлимида ишлаётган психиатр.
Гулноза Рўзиевага кўра, клиниканинг 8-ёпиқ бўлимида ҳозирда 57 нафар бемор бор, ёши йигирма беш ёшдан то олтмиш бешгача. Унинг айтишича, руҳий ҳолатнинг бузилишига доим ҳам стресс сабаб бўлмайди. Масалан, ОТМда ўқиган, ҳатто илмий иш ёқлаганлар бор. Шундай кишиларнинг айримларида сабабсиз руҳий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳозиргача айнан руҳий ўзгаришларнинг барча сабабларини аниқлаш имконияти мавжуд эмас.
“Шунинг учун бизнинг вазифамиз сабабини йўқотишдан кўра, ҳолатини яхшилаш. биздан чиқиб кетгандан кейин ҳам поликлиникада даволаш ишлари давом этади. Ҳар бир ҳудудга бириктирилган шифокорлар бор, бемор диспансерга, ўзининг манзилига қарашли шифокорга мурожаат қилиб, ҳолатини тушунтиради. Агар ҳолати яхши бўлса, ўша дориларни истеъмол қилишни давом эттиради. Агар ўзгарган бўлса, у ердаги шифокор дориларни ўзгартириб беради ёки керак бўлса яна бизнинг муассасага йўлланма бериши мумкин”, - дейди Гулноза Рўзиева.
Шунингдек, у Kun.uzʼгa фаолиятидаги энг ноқулай ҳолатлардан бирини гапириб берди.
“Беморлар яхши бўлгандан кейин уйларига жавоб берамиз. Уйдагилари нима дейди: “врач охиригача даволамаган, бизлар хоҳлаган вақтида чиқариши керак эди” деб порталга ёзади. Нотўғри даволабди, охиригача текширмапти деб эмас, айнан улар хоҳлаган вақтида чиқармаганимиз учун айбдор бўлиб қоламиз. Порталга ёзгандан кейин бу иш ўзидан ўзи ёпилмайди, қариндошини топиб, вазиятни тушунтириш керак бўлади, агар керак бўлса, узр сўралади. Чунки бу ишни ёпиш керак. Мен учун бу ноқулайи шу”, - дейди Гулноза Рўзиева.
Психиатрнинг таъкидлашича, касал тузалиб кетгандан кейин ҳам қайталаниш ҳолатлари бўлиши мумкин. Бу ҳаммада ҳар хил кечади. Агар уйга қайтгач, шифокор кўрсатмаларига риоя этса, 20 йилгача мурожаат қилмаслиги мумкин.
Kun.uz мазкур ёпиқ бўлимда 5 йилдан бери ишлаётган ҳамшира Мафтуна Ўринбоева билан ҳам суҳбатда бўлди. Унинг айтишича, беморлар меҳрталаб бўлишади.
“Бошланишда қийинчиликлар кўп бўлди, лекин ҳозир вақт бўйича анча тезроқ ишлашимиз талаб қилинади, чунки ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин. Ҳамма нарсага улгуришимиз керак: ҳужжат ва касал соғлиги бўйича ҳам, масалан, бир бемор яхши бўлганда иккинчисининг аҳволи ёмонлашиши мумкин.
Улар ширин сўзга муҳтож. Беморлар билан яхши гаплашилса, шифо топиши мумкин. Энг шарафли томони – савобли иш қиляпмиз. Масалан, бу ердан чиқиб кетишса, кўпчилик уйда яшамайди, кўчада қолиб кетади. Уйи йўқлар ҳам бор. Беморлар ўзларини уйида бошқача, касалхонада бошқача тутишади, шунақа зўр гапиргани билан нима бўлганини айтгиси келмайди, ўзининг заиф тарафини кўрсатгиси келмайди”.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда беморларнинг тахминан 50 фоизи руҳий хасталикларни турли сабаблар, хусусан, стресс, жароҳат, инфекциялар таъсирида орттириб олиши мумкин. Қолган ҳолатларда эса туғма бўлиши мумкин ёки келиб чиқиши ташқи муҳитга боғлиқ бўлмайди. Шифохонанинг очиқ бўлимида даволанаётган кўплаб беморлар ҳам руҳий хасталиклар ҳаёти давомида пайдо бўлганини айтади.
“Мен 13 йил олдин “офтоб уриб” микроинсулт бўлганман. Шунинг асорати ҳисобидан ҳозир шу ерга келиб даволанаман. Тўғриси, бошида касалхонанинг номи, бошқаси учун қўрқдим. 5-6 йилдан бери йилига бир марта келиб, даволаниб кетаман. Ҳаммаси яхши”.
Kun.uz билан суҳбатда бўлган бошқа бир бемор стресс сабабли руҳий ҳолати бузилганини айтди.
“Мен “Covid-19” пайтида стрессга тушиб қолганман, ўша даврда ўпкамда 50 фоиз порожения бор эди. Кейин хўжайиним ўтиб қолган, ўшандан кейин стрессга, депрессияга тушиб қолганман. Бунга 4 йил бўлган бўлса, шу йил ёзда яна депрессия қайтарилди. Бошим оғриб, елкаларим қизиб, гапира олмай қоламан. Дорисини ичмай қўйгандим”.
Туғма руҳий бузилишларнинг бир қисмига яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ сабаб бўлади. Бунда беморларда ақлий қолоқлик кузатилади. Шундай ҳолатларда айрим ота-оналар бу ўтиб кетади, деб ўйлашади ёки болага қўшимча дарс машғулотларини юклаш орқали вазиятни ўнгламоқчи бўлади. Биз билан суҳбатда бўлган шифокорнинг айтишича, ота-оналар қачонки фарзандида тутқаноқ, хулқ-атвор бузилиши ҳолатлари кузатилсагина шифохонага олиб келишади.
Одамлар “учот”га қўйилишидан қўрқади
“Шифохонага борди ёки психиатрга борди. 100 фоиз ҳисобга қўйилди деган нарса йўқ. Кўпинча ўша эрта босқичларида, ўз вақтида мурожаат қилган инсонда қанақадир оғир бедаво руҳий касаллик аниқланмайди. Касаллик қачонки нимага ҳисобга олинади? Қачонки бу сурункали хавфли ва ҳар доим дори ичиши талаб қиладиган ҳолат бўлганида одам ҳисобга олинади.
Яна иккинчи томони, ўз вақтида мурожаат қилиш эрта ногиронликнинг олдини олади. Чунки минг афсус, бизларда беморлар кўпинча жуда кеч келади, кўпинча ногиронлик белгилари шакллангандан кейин, умуман меҳнат қобилияти йўқолганида, қачонки уйдагилар билан умуман яшай олмайдиган ҳолатга келиб қолганидан кейин келишади”, - дейди Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик марказининг психиатрия бўйича Тошкент шаҳар филиали директори ўринбосари Булат Чембаев.
Хусусий клиникалар “учот”га қўймайди
“Беморларни кўпинча домлага ўқитишади. Агар руҳий носоғломлик стрессга боғлиқ бўлса, албатта, таъсири бўлади. Лекин туғма ақлий қолоқлик ёки сурункали психоз ҳолати бўлса, ёрдам бермаслиги мумкин. Шундай ҳолатлар бўлган: касалхонага олиб келишади. Бир неча кундан кейин бизлар фалон табибни топдик, фалон домлаларни топдик, деб барибир олиб кетади. Қанчадир вақт ўтгандан сўнг олиб келишади. Бизда бу бўйича хусусий клиникалар ҳам бор. Шароитлари жиҳатидан давлатники билан унча фарқ қилмайди. Асосий жиҳати – хусусий клиникага тушган беморлар ҳақида тиббиёт муассасаларига ҳеч қандай маълумот берилмайди, бу 100 фоиз аноним. Шу сабабдан одамлар давлат муассасаларига мурожаат қилишга қўрқади”.
Психиатрлар етишмаяпти
“Бизда кадрлар масаласи энг асосий муаммо. Кадрлар етишмаслиги мавжуд. Агар биз уни таҳлил қиладиган бўлсак, деярли ҳеч қайси муассаса, ҳеч қайси туманда 100 фоиз малакали кадрлар билан таъминланмаган. Психиатрлар ва болалар психиатрлари жуда етишмовчиликда. Агар имтиёзларни оладиган бўлсак, бизда алоҳида устама бор. Фикримча, имтиёзларни кўпайтиришимиз керак. Бу учун қандайдир тизим ишлаб чиқиш керак, шу билан бирга аҳолининг шу соҳага муносабатини ўзгартирмасак, қандайдир механизмлар катта натижа бермайди. Биринчи навбатда одам психиатрик муассасаларга ёки диспансерларга қўрқмасдан мурожаат қилиши керак”.
Республика руҳий саломатлик илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали мисолида айтадиган бўлсак, кейинги пайтларда руҳий хаста беморлар сони ошиб бормоқда. Бу эса инсоннинг руҳий саломатлигини яхшилайдиган чора-тадбирларни кўришни тақозо этади.
Мавзуга оид
18:51 / 24.06.2024
Фарғонада соғлом одам руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилди
19:42 / 28.05.2024
Республикадаги иккита руҳий касалликлар шифохонасида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган беморлар борлиги аниқланди
10:41 / 04.08.2022
Қашқадарёда руҳий касаллар оёқ остида ётгани тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ССБ ҳолатга изоҳ берди
11:37 / 01.08.2022