Миллий армиямиз ёшлар учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда — Мирзиёев
Президент Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини йўллади.
Президент Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон халқини табриклади.
«Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман. Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларни, муҳтарам фахрийларни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларни изҳор этаман», дейилади табрик сўзида.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича сўнгги йилларда барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армия мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда.
Шу билан бирга, «халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда».
Шавкат Мирзиёев ҳозирги вақтда, дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини қайд қилди.
«Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида бу борада бошлаган ишларимизни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришимиз шарт. Хусусан, Қуролли Кучларимизни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттирамиз. Ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз», деди президент.
Таъкидланишича, аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифа бўлиб қолади. Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам диққат марказида бўлади.
«Қадрли Ватан ҳимоячилари! Она юрт қалқонлари, тинчлик посбонлари шарафланадиган мана шу қувончли кунда сиз, азизларни шонли байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан қутлайман. Барчангизга муқаддас қасамёдингизга содиқ қолиб, хизмат бурчингизни юксак даражада адо этишда мустаҳкам соғлиқ, улкан муваффақиятлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафарлар доимо сизларга ёр бўлсин!», дейилади табрик сўзи якунида.
Мавзуга оид
16:52 / 14.01.2025
“Яшил” тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди – Мирзиёев
14:06 / 14.01.2025
Президент мактаби ўқувчилари Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги мукофотни қўлга киритди
22:44 / 13.01.2025
Шавкат Мирзиёев Абу-Дабига етиб борди
20:05 / 13.01.2025