“Қишлоқ маза, тинч ва сокин” — Ёрдонда қиш
Фарғона тумани Ёрдон қишлоғи тоғ бағрида жойлашган, бу ерда ҳақиқий қишни, асосийси, қорни доим кўриш мумкин. Кўчада болалар чанғи учади, уларнинг шўх-шодон кулгиси жаранглайди. Kun.uz мухбири қишлоқдаги 73 ёшли Сойимахон Эргашева хонадонида меҳмон бўлиб, уй бекаси ва унинг ўғли билан суҳбатлашди.
Қишга мўлжаллаб қурилган уйга печка қурилган. Тандирдан иссиқ нон узилди, чорваларга ем-хашак берилди. Болалардан ташқари ҳамма ўз юмуши билан банд. Сойимахон Эргашеванинг айтишича, қишлоқда яшашнинг ўз гашти бор. Табиат мусаффо, сувлари зилол. Сут-қаймоқ ўзларидан чиқади. Ёзда мевалар йиғиштирилиб, қишга сақланади. Тоғ бағридаги томорқага картошка, маккажўхори экилади.
“Турмуш ўртоғим билан бирга пешона тери қилиб ишлаб фарзандларимни уйли-жойли қилдик. Мана энди қарилик гаштини суриб ўтирибмиз. Қишлоқ маза. Айниқса ёз фаслида Ёрдон бошқача бўлади.
Меҳмонлар билан тўлади қишлоғимиз. Ҳаётимни бошқа жой билан тасаввур қила олмайман. Ҳатто ўзгалар учун қулай саналган катта шаҳарларга бориб қолсам ҳам бир кунда уйимга қочиб келиб оламан”, – дейди Сойима ая.
“Фермер хўжалигида ишлайман. Қўрамда чорванинг ҳамма туридан бор. Паррандадан тортиб от, қўй, сигир ва ҳатто эчкигача. Мана бу ҳовлида ўзим қолганман. Ота-онамнинг ёши бир жойга бориб қолди. Уларнинг қўлдан келганича розилигини олишга ҳаракат қиламан.
Сут-қатиқ, қаймоқ, тандир нони доим бор уйимизда, Худога шукр. Қишлоқ шуниси билан ҳам файзли. Нолимаймиз. Энг асосийси, ҳамма хавас қиладиган ажойиб қишлоғимиз бор.
Ёрдоннинг табиати жуда гўзал”, – дейди Сойимахон аянинг ўғилларидан бири Жамшид Эргашев.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
10:40 / 22.12.2024
“Чорва ва боғ бизни боқди”: тоғ бағридаги бахтли оила
16:40 / 16.12.2024
Тошкент – оппоқ қиш оғушида (фотожамланма)
13:39 / 28.11.2024
Ўзгидромет қишки об-ҳаво прогнозларини эълон қилишни кечиктиряпти(ми?)
13:10 / 10.11.2024