Ўзбекистон | 20:06 / 14.01.2025
3439
2 дақиқада ўқилади

«Таълим тизимимизнинг ютуқлари халқаро майдонда яна бир бор эътироф этилди» — Саида Мирзиёева

Тошкентдаги Президент мактаби ўқувчилари ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси билан Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотни қўлга киритди.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотни қўлга киритган Президент мактаби ўқувчиларини табриклади.

«Таълим тизимимизнинг ютуқлари халқаро майдонда яна бир бор эътироф этилди. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида ғолиб деб топилди», — деб ёзади у ўзининг Telegram каналида.

Қайд этилишича, мактаб ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов ва Асилбек Ашрапов ҳамда уларнинг устози Соҳибхон Азизовнинг ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси ғалабани қўлга киритган. Танловга 156 та давлатдан жами 5980 та ариза келиб тушган.

Бугун, 14 январ куни Абу-Дабида мукофотни ўқувчиларга Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширди. Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

«Ёшларимизнинг бу ажойиб муваффақияти барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, шунингдек, президентимиз танлаган барқарор ва «яшил» ривожланиш йўли нақадар тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Биз ўқувчиларимизга янада юксак ютуқлар ва янги зафарлар тилаймиз», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Мавзуга оид