Жаҳон | 15:00 / 14.01.2025
1373
2 дақиқада ўқилади

Туладаги ҳоспиталда ёнғин: 50 дан ортиқ киши эвакуация қилинди

Тула шаҳрида Украинага қарши урушда жабр кўрган россиялик десантчиларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасасининг юқори қаватини ёнғин қамраб олди. 57 киши эвакуация қилинди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Россия Ҳаво-десант қўшинларининг 39-алоҳида тиббий отряди жойлашган Тула шаҳрининг Советская кўчасидаги ҳарбий ҳоспитал биносида ёнғин чиққани ҳақида 13 январ, душанба куни Россиянинг бир қанча оммавий ахборот воситалари ва Telegram-каналлари мустақил равишда хабар берди. «Олов бинонинг бир қаватини қамраб олди. Ҳозирда эвакуация ишлари олиб борилмоқда», деб ёзади "112" канали. Унинг таъкидлашича, ёнғин майдони 1000 квадрат метр атрофида бўлиб, «қаттиқ тутун кузатилган» ва фавқулодда хизматлар бинодан 57 кишини эвакуация қилган. Baza канали томонидан чоп этилган кадрларда шифохонанинг учинчи ва охирги қавати деразаларидан қора тутун чиқаётгани ва алангани кўриш мумкин.

Россия Ҳаво-десант қўшинларининг 39-алоҳида тиббий отряди бошиданоқ Украинага тўлиқ миқёсда ҳужумда қатнашиб келмоқда.

Тула области губернатори Дмитрий Миляевнинг ёзишича, муассасада «муддатли ҳарбий хизматчилар» бўлган. Миляев ёнғиннинг дастлабки сабаби сифатида «носоз электр симлари»ни келтирди. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Ёнғин туфайли Советская кўчасида транспорт ҳаракати бутунлай, қўшни Союзная кўчасида эса қисман тўсиб қўйилган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам, Украина Қуролли кучлари бош штаби ҳам Туладаги ёнғинга изоҳ бермади. Бироқ Москва вақти билан соат 19:00 лар атрофида украиналик ҳарбий мухбир Андрей Цаплиенконинг Telegram-каналида қуйидаги хабар эълон қилинди: «Россиянинг Тула шаҳрида эрталаб ҳарбий ҳоспиталда ёнғин бошланди, у кечқурун ҳам ёнишда давом этмоқда».

Мавзуга оид