Жаҳон | 21:21 / 15.01.2025
1605
2 дақиқада ўқилади

«Диктаторларга таъзим қиляпти» - Словакия бош вазири Фицо истеъфога чиқарилиши мумкин

Словакия мухолифати бош вазир Роберт Фицога ишончсизлик вотумини эълон қилишни режалаштирмоқда.

Фото: Shutterstock

Словакия мухолифати парламентга Роберт Фицо ҳукуматига ишончсизлик вотуми бўйича сессия чақириш таклифини киритмоқчи. Бу ҳақда Словакия парламентида вакили бўлган барча мухолиф партиялар номидан Европапараст «Прогрессив Словакия» партияси раҳбари Михал Шимечка маълум қилди.

«Биз навбатдан ташқари сессия чақириш учун имзоларни топширамиз, сўнгра баҳс юритамиз ва шундан сўнг ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдирмоқчимиз», деди у.

Бир кун аввал Шимечка мухолифат яқин кунларда президентга ишончсизлик вотуми ўтказиш бўйича парламентга таклиф киритишини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «Фицо Словакияни тарк этди» ва мамлакат ишлари билан шуғулланиш ўрнига, «дунё бўйлаб учяпти, диктаторларга таъзим қиляпти ва Ветнамда ҳашаматдан завқланмоқда».

Аввалроқ, 2024 йил декабрида Фицо Кремлда Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказган эди. Давлат раҳбарлари Украина орқали газ транзити масаласини муҳокама қилди. Украина ва «Газпром» ўртасидаги газ етказиб бериш бўйича шартнома муддати 1 январда тугаган. Фицо Украинанинг ҳаракатлари туфайли Словакия «газ инқирози»га дуч келганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Словакия парламенти вице-спикерининг сўзларига кўра, Фицо Украина президенти Володимир Зеленскийнинг таклифига биноан 17 январ куни у билан газ транзити масаласини муҳокама қилиш учун Киевга бормайди.

Мавзуга оид