Ўзбекистон | 14:18
7254
3 дақиқада ўқилади

Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб судланган Андижон тумани собиқ ҳокими вилоят касаба уюшмалари кенгашига раис бўлди

2021 йил февралидан 2022 йил сентябригача Андижон тумани ҳокими лавозимида ишлаган Абдужаббор Эгамбердиев қабулига келганларга айвон пойгакидан жой бергани ортидан интернетда машҳур бўлганди. У ўзбошимчалик, мансабга совуққонлик билан қараш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, суд ҳукми билан жиноий жазога ҳам тортилган эди.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Андижон туманининг собиқ ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Андижон вилояти кенгаши раиси лавозимига тайинланди. Тайинлов 2024 йилнинг 18 декабр куни кенгашнинг йил якунларига бағишланган йиғилишида эълон қилинган.

Собиқ ҳоким тайинловга қадар Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Андижон вилояти бўйича масъул ташкилотчиси лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Абдужаббор Эгамбердиев 2021 йил февралидан 2022 йил сентябригача Андижон туманига ҳокимлик қилган. У сайёр қабулда фуқароларга пойгакдан жой берганидан кейин интернетда машҳур бўлганди. Сўнгра Эгамбердиев президент қарори билан давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.

Ўшанда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлган бу ҳолат “ўрта аср хонликлари даврини эслатаётгани”, Эгамбердиев ўзини ҳоким эмас хондек тутаётгани танқид қилинган. Туман ҳокимлиги эса бу ҳолатни «ижтимоий масофа сақлаш» зарурати билан изоҳлашга уринганди.

Кейинчалик Абдужаббор Эгамбердиев судлангани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Марҳамат туман судининг 2023 йил 8 февралдаги ҳукмига мувофиқ Абдужаббор Эгамбердиев ўзбошимчалик, мансабга совуққонлик билан қараш ҳамда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми ва 61-моддаси тартибида 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Эгамбердиев ва унинг ҳимоячиси томонидан судга ўталмай қолган мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳақидаги аризаси тақдим этилган. Жиноят ишлари бўйича Олтинкўл туман судининг 2024 йил 18 январдаги ажрими билан А.Эгамбердиевнинг аризаси қаноатлантирилиб, у фақатгина ўталмай қолган 1 йил 3 ой 16 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Абдужаббор Эгамбердиев муқаддам кўп йиллар солиқ тизимида ишлаган, 2016-2021 йилларда Андижон вилояти ҳокими ўринбосари бўлган, 2021-2022 йилларда Андижон туманига ҳокимлик қилган.

Маълумот учун, Касаба уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Мавзуга оид