Ўзбекистон | 14:18
654
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўғитлар хавфсизлигига доир талаблар ўзгарди

Вазирлар Маҳкамасининг «Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги бўйича қўшимча талаблар белгиланганлиги муносабати билан «Органик маҳсулотлар ва хомашёлар ҳамда органик­-минерал ўғитларнинг хавфсизлигига доир айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. 

Фото: Shutterstock

Ҳужжат билан 2025 йил 1 майдан кучга кирадиган Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисида техник регламент янги таҳрирда тасдиқланди. У органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлигига, уларнинг ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга, йўқ қилишга, қайта ишлашга ҳамда сотишга қўйиладиган талабларни белгилайди.

Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлигини баҳолаш мезонлари куйидагилардан иборат:

  • инсон ҳаёти ва соғлиғи учун биологик, кимёвий ва радиацияли хавфлар йўқлиги;
  • органик ва органик-минерал ўғитларнинг инсон яшаш муҳитига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига салбий таъсирини бартараф этиш;
  • токсиклик, шу жумладан, инсон саломатлигига ўзига хос ва узоқ муддатли таъсирларини баҳолаш (аллергенлик, иммунотоксинлик).

Органик-минерал ўғитларнинг яроқлилик муддати тугагандан сўнг ўғит хавфсизлик паспортига мувофиқ йўқ қилинади.

Ўғитлар техник регламентга мувофиқ зарарсизлантирилгандан кейин технологик қайта ишланиши лозим.

Органик ва органик-минерал ўгитлар махсус савдо шохобчаларида сотилиши ва бу ерда уларни сақлаш шартлари бажарилиши лозим.

Бир савдо бўлимида органик ва органик-минерал ўғитларни улар истеъмол хоссаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган товарлар билан биргаликда сотишга йўл қўйилмайди.

Чакана савдода органик ва органик-минерал маҳсулотлар қадоқланган шаклда сотилади.

Мавзуга оид