Иқтисодиёт | 13:40
970
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар гўшт, сут ва ёнилғи нархлари ошишини кўпроқ сезишган – Марказий банк сўровномаси

Декабр ойида Ўзбекистон аҳолисига сезилган инфляция 14,7 фоизни ташкил этди. Марказий банк сўровномасида қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда бензин ва бошқа ёнилғи нархлари юқори даражада ўсганини таъкидлаган. Ой давомида электр ва табиий газ, мева-сабзавотлар ҳамда тухум нархларида юқори даражада ўсишни сезганлар улуши ҳам кўпайган.

Фото: Getty Images

Марказий банк декабр ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси оид сўровнома натижаларини эълон қилди

Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 14,7 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри (18,3 фоиз) ва Фарғона вилоятида (17,1 фоиз), энг паст даражаси эса Хоразм (12,8 фоиз) ва Андижон вилоятларида (12,2 фоиз) сезилган.

Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми гўшт ва сут ҳамда бензин ва ёқилғи нархи юқори даражада ўсганини таъкидлаган.

Шунингдек, ой давомида электр ва табиий газ (45 фоиз), мева-сабзавотлар (33 фоиз) ва тухум (29 фоиз) нархларида юқори даражада ўсишни сезганлар улуши кўпайган.

Даромадлари 2 млн сўмгача ва 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 18,4 фоизни ташкил қилган.

Аввалроқ, декабр ойида истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 9,8 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 4,9 фоиз бўлган.

Мавзуга оид