Жаҳон | 17:29
21242
2 дақиқада ўқилади

Болливуд юлдузи Саиф Али Хон ўз уйида пичоқланди

У оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди ва операция қилинди.

Фото: AFP

Ҳиндистонлик машҳур актёр Саиф Али Хон кечаси ўз уйида пичоқланди, сўнгра жарроҳлик амалиётидан ўтди ва ҳозир унинг ҳаёти хавф остида эмас. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Қайд қилинишича, Хон 16 январ куни тунда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳридаги уйига кирган номаълум эркак билан жанжаллашган ва пичоқланган. Полиция ҳодисани тергов қилиш учун ишчи гуруҳ тузгани таъкидланмоқда.

«Хон операциядан чиқди ва хавф остида эмас. Ҳозир у шифокорлар назорати сотида тикланмоқда», дейилади актёр жамоаси баёнотида.

Хон ётқизилган Лилавати шифохонаси доктори Нитин Данге жарроҳлик амалиётидан сўнг журналистлар билан суҳбатда актёр «умуртқа поғонасига пичоқ урилгани сабабли кўкрак орқа мия оғи жароҳати олганини» айтди. «Пичоқни олиб ташлаш ва оқаётган орқа мия суюқлигини тиклаш бўйича операция ўтказилди. Унинг чап қўлидаги яна иккита, бўйнидаги яна бир чуқур жароҳати пластик жарроҳлар гуруҳи томонидан даволанди», деди у.

Хон Болливуд юлдузи Карина Капур Хонга уйланган ва икки фарзанди бор. Оила ҳали ҳеч қандай баёнот бермади, бироқ Хоннинг жамоаси улар хавфсиз эканини айтди.

Ҳужум тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас. Полициянинг айтишича, актёрнинг уйига «номаълум эркак» кирган. Хоннинг жамоаси ҳодиса «талончиликка уриниш» эканлигини айтди, аммо тафсилотларни ошкор қилмади.

Саиф Али Хон 1970 йилда туғилган, 1993 йилда Болливудда дебют қилган. Унинг машҳур филмлари орасида «Ошиқ қалблар» ва «Эртанги кун келадими» каби романтик комедиялар, шунингдек, «Танҳажи» ва бошқа жанговар филмлар бор.

Хоннинг рафиқаси Карина Капур Болливудда қарийб бир аср давомида ишлаб келаётган машҳур актёрлар, режиссёрлар ва продюсерлар оиласидан чиққан.

Мавзуга оид