Бошқалардан қарз бўлмаган ўзбеклар – Доғистонда “Ўзбекистон” шаҳарчаси қандай пайдо бўлганди?
Доғистон пойтахти Махачқалъа шаҳрида “Ўзбекистон” миттитумани бор. Доғистонликлар уни “Ўзбекистон” шаҳарчаси (“Узбек-городок”, “Узбекгород”) деб аташади. Хўш, Шимолий Кавказдаги республика пойтахтида Ўзбекистон номи билан боғлиқ шаҳарча қандай пайдо бўлган?
Бугун совет даври ҳақида гап кетганда айримлар “Тошкентда зилзила бўлганда бутун иттифоқдан ёрдам келган эди. Бошқа республикалардан келиб Ўзбекистон пойтахтини қайта тиклашган эди”, деб қолишади.
Тўғри, Тошкентда зилзила содир бўлганда ҳамма ёқдан ёрдам келгани рост. Бироқ бошқалар бошига кулфат тушганда ёки иттифоқдош республикаларда йирик қурилишлар бўлганда ўзбекистонликлар ҳам қараб турмаган, ёрдамга бориб ишлаган.
Узоққа бормайлик, 1970-йилларда Байкал-Амур магистрали (БАМ) номи билан Сибирда ва Узоқ Шарқда жуда узун темирйўл линияси қурилади. Ана шу қурилишга борган ўзбекистонликлар темирйўлнинг анча қисмини, унга туташ ҳудудларда шаҳарчалар, темирйўл бекатлари қуришган.
Шунга ўхшаш яна бир ҳодиса Кавказда жойлашган Доғистон Республикасида содир бўлган. Бу республика пойтахтида зилзила содир бўлганда ўзбекистонликлар биринчилардан бўлиб ёрдамга етиб боришади.
1988 йилда Арманистонда кучли зилзила содир бўлади. Оқибатда шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланади. Ана шунда ҳам ўзбекистонликлар дарҳол ёрдамга етиб борганди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Айтмоқчи бўлаётганимиз собиқ иттифоқ даврида ўзбекистонликларда ҳеч кимнинг ҳаққи қолиб кетмаган. Юртдошларимиз ҳам бошқаларга ёрдам бериб “қарзни қайтарган”.
Зилзила
1970 йил 14 май куни Махачқалъа шаҳрида кучли зилзила содир бўлади. Ер тунгача бир неча марта қимирлайди. Зилзила маркази шаҳардан 30 км масофада, ер остида эди.
Дастлабки қимирлаш кундузи соат 12:20 да рўй беради ва Махачқалъада Рихтер шкаласи бўйича 5-6 балли зилзила кузатилади.
Иккинчи зилзила соат 21:12 да содир бўлади ва бу сафар унинг кучи 9 баллга тенг бўлади. Орадан уч минут ўтгач зилзила 9 балл атрофида яна қайталанади.
Шунда нафақат Махачқалъа, балки зилзила марказига яқин бўлган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланади. Зилзила тинмайди ва кейинги бир соатда яна 10 марта ер қимирлайди.
Ер силкиниши бу билан тугамайди ва Тошкентдагига ўхшаб яна бир ярим ой давом этади. Ўшанда, 15 май кунидан 27 июнгача сейсмик марказ жами 1 140 та ер силкинишини қайд этади.
Махачқалъа ва унинг атрофидаги шаҳар ҳамда қишлоқлар аҳолиси хавфсиз жойларга кўчирилади. Зилзила бошлангандан сўнг ер узоқ вақт силкиниб туради ва одамлар бундан зада бўлиб кетишади.
Масалан, 17 май куни 7 балли зилзила содир бўлади ва ер 49 силкиниб туради. 31 май куни ер 13 соат 25 дақиқа, 17 июнда эса 3 соат 35 дақиқа силкиниб туради.
Сўнгги зилзила орадан икки ойдан ошиқ вақт ўтиб, 1970 йил 19 июл куни содир бўлади. Ўшанда унинг кучи 5-6 балл бўлади ва ер 23 соат 35 дақиқа давомида силкиниб туради.
Зилзила оқибатлари
Ўшанда 65 кун давом этган кучли ер силкинишлари туфайли Доғистон ҳудудидаги 16 та туманда жойлашган аҳоли пунктлари ва тўртта йирик шаҳар – Махачқалъа, Қизилюрт, Хасавюрт ҳамда Бўйноқ шаҳарлари вайронага айланади.
Шулардан зилзила эпимарказига яқин бўлган 22 та аҳоли пунктида биронта соғ бино қолмайди. 257 та аҳоли пункти қисман вайрон бўлади.
Зилзила кундузи бошлангани учун қурбонлар сони кам бўлади. Ер силкинишлари туфайли 31 киши вафот этади, 45 минг одам уйидан айрилиб, бошпанасиз қолади.
Пойтахт Махачқалъада энг кўп Махачқалъа-1 тумани зарар кўради. Бу туманда соғ объект қолмаган, эски бинолар қулаб тушган, янгиларига эса катта-катта ёриқлар тушганди.
Ҳали зилзила давом этаётган пайтда 1970 йил 22 май куни РСФСР министрлар советининг “Доғистон АССРда табиий офат оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари” ҳақидаги қарори эълон қилинади.
Шундан сўнг Доғистонга иттифоқнинг турли республикаларидан ёрдам ва зилзила оқибатларини бартараф этиш учун қурилиш бригадалари кела бошлайди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор эди.
Доғистондаги “Ўзбекистон” миттитумани қандай қурилганди?
Махачқалъада кучли ер силкиниши содир бўлар экан, 1966 йилда Тошкентда рўй берган зилзилани унутмаган ўзбекистонликлар биринчилардан бўлиб Доғистонга ёрдамга шошилади.
Қурувчиларни Махачқалъага Ўзбекистон марказий қўмитаси қошидаги қурилиш ва шаҳар хўжалиги бўлими бошлиғи, Ўзбекистон давлат қурилиши (Госстрой) раиси, Тошкент шаҳар партия қўмитаси раиси ва яна бир қатор мутасадди шахслар кузатиб боради.
Ичида 600 нафар қурувчи ва кўплаб махсус техникалар бўлган биринчи поезд Махачқалъага 1970 йил 17 июн куни етиб боради.
Унинг ортидан қурилиш материаллари ортилган поездлар пайдар-пай бориб туради. Ўзбекистонликлар шаҳарнинг жанубий ғарбида янги шаҳарча қурилишини бошлаб юборишади.
Шаҳарчада ўнга яқин кўп қаватли уй, савдо маркази, боғча, мактаб, кинотеатр, бозор ва бошқа бинолар қурилади. Ўшанда ўзбекистонлик қурувчилар умумий ҳисобда 20 минг метр квадратга тенг бинолар қуришади.
Қурилиш ишлари битгандан сўнг ўзбекистонликлар тиклаган ҳудуд “Ўзбекистон” шаҳарчаси (“Узбек-городок”) деб атала бошланади. Шунингдек, марказий кўчаларнинг бирига Ўзбекистон номи берилади.
Ўзбекистонликлар қурилиш давомида биноларнинг ташқи кўринишини худди Тошкентда бўлгани каби миллий нақшлар туширилган керамика билан қоплашади. Улар бугунги кунда ҳам сақланиб турибди.
Махсус ёдгорликнинг очилиши
2023 йил 6 июн куни Махачқалъа шаҳрида 1970 йилда шаҳарни тиклашда ёрдам берган ўзбек қурувчилари шарафига махсус ёдгорлик очилади.
Ёдгорлик шаҳарнинг айнан ўзбекистонликлар қуриб берган “Узбекгород” туманида қурилади ва у шаҳар мэри Юсуф Умавов томонидан очиб берилади.
“Архитектура объекти 1970 йилда Доғистонда содир бўлган зилзиладан кейин катта ёрдам кўрсатган қардош ўзбек халқига ҳурмат сифатида қурилган. Ярим аср муқаддам республикамизда даҳшатли зилзила рўй берди, унинг оқибатида бир қанча шаҳарлар вайрон бўлди, ўн минглаб одамлар уй-жойсиз қолди. СССРнинг турли бурчакларидан ишчилар бизга ёрдамга келишди. Ўшанда Ўзбекистон делегацияси биринчилардан бўлиб келган эди. Зилзиладан бир ой ўтиб, 600 га яқин ўзбекистонлик ишчи поездда ўзлари билан қурилиш ишлари учун махсус техника олиб келган”, дейди Юсуф Умавов.
Маросимда Ўзбекистон томонидан Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация қатнашади. Содиқ Сафоев ўзбекистонлик қурувчиларга кўрсатилаётган эътибор ва ҳурмат учун Махачқалъа ҳокимияти ва пойтахт аҳолисига миннатдорлик билдиради.
“1966 йилда мамлакатимизда даҳшатли фожиа юз берганда, халқимизга ёрдам беришда доғистонликлар ҳам катта ҳисса қўшган. Бугунги кунга қадар шаҳримиздаги кўчалардан бири “Доғистон” деб аталади. Биз халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлаган инсонларни ёдга оламиз ва хотирасини ҳурмат қиламиз”, деган Содиқ Сафоев.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
23:07 / 05.12.2024
Доғистонда рақибини симоб билан заҳарлашга уринган шахматчига жиноий иш очилмайдиган бўлди
21:22 / 17.10.2024
Рамзан Қодиров қонли қасос билан таҳдид қилган депутатлар Давлат думаси мажлисларига келмай қўйди
07:30 / 14.10.2024
Доғистон раҳбари Қодировнинг Керимовга қарши таҳдидларига жавоб қайтарди
10:01 / 28.09.2024