Исроил ҲАМАС билан келишувнинг тўлиқ матнини эълон қилди
Қайд қилинишича, ўт очишни тўхтатишнинг биринчи босқичи 42 кун давом этади ва бу вақт ичида гаровга олинган 33 исроиллик навбатма-навбат озод қилинади. Шу билан бирга Исроил умрбод қамоқ жазоси ёки бошқа турдаги жазони қамоқхонада ўтаётган баъзи фаластинликларни қўйиб юборади.
Исроил матбуоти ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувнинг тўлиқ матнини эълон қилди.
Times of Israel газетаси келтирган ва Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида 15 январ куни келишилгани айтилаётган ҳужжат 8 боб ва 20 банддан иборат.
Қайд қилинишича, ўт очишни тўхтатишнинг биринчи босқичи 42 кун давом этади ва бу вақт ичида гаровга олинган 33 исроиллик навбатма-навбат озод қилинади. Улардан 9 нафари касал ва ярадор бўлиб, улар Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 110 нафар фаластинлик маҳбусга алмаштирилади.
Исроил, шунингдек, жанглар бошланганидан бери ҳибсга олинган, аммо 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС ҳужумига алоқадор бўлмаган 1 минг нафар Ғазо аҳолисини озод қилишга ҳам рози бўлди. Гаровга олинган ҳар бир кекса (50 ёшдан ошган) Исроил қамоқхоналарида умрбод қамоқ жазосини ўтаётган 3 нафар фаластинликка ёки бошқа турдаги жазони ўтаётган 27 нафаргача маҳбусга алмаштирилади.
Келишув бўйича озод қилинган барча фаластинликлар Ғазо секторига ёки учинчи давлатларга юборилади.
Келишув матни қуйидагича:
- Ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга киргач, Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ўз қўшинларини аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан олиб чиқишни бошлайди. Ҳарбийлар Исроил ва Ғазо сектори чегарасининг жануби ва ғарбидаги махсус буфер зонада қолади. Унинг узунлиги 700 м бўлади, лекин 5 нуқтада уни яна 400 м га ошириш мумкин;
- Ички кўчирилган қуролсиз фаластинликлар ўз уйларига, жумладан, Ғазо сектори шимолига қайтиши мумкин бўлади. Уларнинг транспорти воситачилар томонидан танланган хусусий пудратчи томонидан текширилади;
- ЦАҲАЛ Ғазо-Миср чегарасидаги Филаделфия йўлаги ҳудудидаги аскарлари сонини босқичма-босқич камайтириши керак бўлади ва 42-куни гаровдаги сўнгги одам озод қилингач, ҳудуддан тўлиқ чекинишни бошлайди. Бу шартнома кучга кирган кундан бошлаб 50 кундан кечиктирилмаслиги керак;
- ҲАМАС гаровдаги барча аёллар ва болаларни озод қилгач, Исроил Миср чегарасидаги «Рафаҳ» назорат-ўтиш пункти тинч аҳоли ва ярадорлар учун очилишига рухсат беради. Кунига атиги 50 нафар ярадор жангарига уч нафардан кўп бўлмаган одам ҳамроҳлигида чегарани кесиб ўтишга рухсат берилади. ЦАҲАЛ кучлари чегара пункти яқинида жойлаштирилади;
- Музокараларнинг якуний мақсади минтақада барқарор осойишталикка қайтиш, бу билан доимий оташкесимга эришиш мумкинлиги айтилмоқда. Биринчи босқичда амалга оширилган барча тадбирлар музокараларни осонлаштириш учун иккинчи босқичда ҳам давом эттирилади.
Аввалроқ, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси ҲАМАС сўнгги дақиқада Исроил билан келишувдаги баъзи бандлардан воз кечгани ва шу орқали келишувга эришишга тўсқинлик қилганини айтди. 16 январ куни Исроил Вазирлар Маҳкамаси келишув бўйича овоз беришни режалаштирган ва у 19 январдан кучга кириши керак.
Исроил ҳукуматига кўра, ҲАМАС Ғазо секторида 98 нафар исроилликни гаровда ушлаб турибди.
Мавзуга оид
21:50 / 16.01.2025
Исроил ва Ҳамас келишуви ҳали кучга кирмади. Ғазо ўққа тутилиши давом этмоқда
21:36 / 16.01.2025
Еврокомиссия Ғазога ёрдам учун қўшимча 120 млн евро ажратишга ваъда берди
21:15 / 16.01.2025
Ғазода яна одамлар ўлдирилди
22:15 / 15.01.2025