Туркия компанияси Самарқанд–Бухоро пулли автомобил йўли қурилишида иштирок этмоқчи
Туркиянинг “IC İçtaş İnşaat” компанияси ҳамда Автомобил йўллари қўмитаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Мазкур компания Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ўтувчи янги Самарқанд–Бухоро тезюрар пулли автомобил йўлини қуриш лойиҳасида иштирок этмоқчи. Лойиҳа қиймати 1 млрд долларга баҳоланган бўлиб, у 2027−2030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.
15 январ куни Туркиянинг “IC İçtaş İnşaat” компанияси бошқарув кенгаши аъзоси Реха Денемеч ҳамда бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИМВ ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқот давомида томонлар ўртасида давлат-хусусий шериклик дастурлари асосида транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, хусусан, автомобил йўлларини қуриш ва модернизация қилиш, турк компаниясининг соҳадаги тажрибаси, жумладан, автомобил йўллари, кўприклар ва аэропортлар қуриш йўналишида шакллантирилган лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтган.
Суҳбатда Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ўтувчи янги Самарқанд–Бухоро тезюрар пулли автомобил йўлини қуриш мақсадида Автомобил йўллари қўмитаси билан англашув меморандуми имзоланган.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришдаги асосий йўналишлар, амалга оширилаётган ДХШ лойиҳалари, ДХШ механизмларидан самарали фойдаланиш, соҳада жаҳоннинг илғор ва муваффақиятли тажрибаларидан кенг фойдаланиш юзасидан фикр алмашган.
Маълумот учун, “IC İçtaş İnşaat” компанияси 55 йиллик тажрибага эга. У Туркия ва бошқа давлатларда ДХШ асосида автомобил йўллари, туннеллар, кўприклар ҳамда турли йирик иншоотларни қуришда иштирок этган. Хусусан, компания томонидан ДХШ асосида Истанбул шаҳрида умумий узунлиги 150 км автомобил йўли, денгиз устида 1,5 км узунликдаги “Явуз Султон Салим” номли босфор кўприги қурилган. Амалга оширилаётган йирик лойиҳа қаторига Ветнамда қурилаётган янги аэропорт ҳам киради.
- Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида пулли йўллар қуриш ҳақида илк бор 2018 йилда гапирилган эди. Ўшанда Германиянинг GP Günter Papenburg компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург Тошкентга келиб, Автомобил йўллари қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев билан учрашганди.
- 2022 йил октябрда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Андижон пулли автомобил йўллари 2026 йилгача қуриб битказилишини маълум қилган.
- 2023 йилнинг охирида Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилгани хабар қилинганди.
- президентнинг 2024 йил августидаги қарори билан Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобил йўли қурилиши белгиланган. Лойиҳа қиймати 1 млрд долларга баҳоланган бўлиб, у 2027−2030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.
Мавзуга оид
10:00
Туркияда спиртли ичимликдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 10 нафарга етди
10:30 / 14.01.2025
Фирибгарликда айбланган ўзбекистонлик Туркиядан депортация қилинди
17:15 / 12.01.2025
Эрдўған яна бир президентлик муддатига номзодини қўйишини истисно этмади
14:11 / 09.01.2025