Жаҳон | 13:19
2065
2 дақиқада ўқилади

Туск: Россия бутун дунё бўйлаб «ҳаво террори» актларини режалаштирган

Россия Полша ва бошқа мамлакатлардаги авиакомпанияларга қарши диверсиялар тайёрлаган, деди Полша бош вазири Доналд Туск Украина президенти Володимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида.

Фото: Aleksandra Szmigiel / Reuters

Полша бош вазири Доналд Туск Россияни бутун дунё бўйлаб авиакомпанияларга қарши диверсиялар тайёрлаганликда айблади. «Мен айта оламан — батафсил гапирмайман, лекин бу хавотирлар асосли эканлигини тасдиқлайман — Россия нафақат Полшага қарши, балки ҳаво террори актларини режалаштирган», деди Туск 15 январ, сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский билан Варшавадаги учрашуви якунлари бўйича қўшма матбуот анжуманида.

Тускнинг сўзларига кўра, Полша «Россия қўпорувчилик ҳаракатларига қарши туришда Европада асосий рол ўйнайди». Унинг баёнотлари Москва Европа Иттифоқи давлатларидан Шимолий Америкага учаётган юк ва йўловчи самолётларига ўт қўйиш бўйича операцияларни режалаштиргани ҳақидаги ОАВ сўнгги хабарлари фонида янграган. The Wall Street Journal газетаси Ғарб разведка агентликларига таяниб, ушбу қўпорувчилик ҳаракатларига Лейпциг (Германия) ва Бирминҳем (Британия)даги DHL логистика марказларида ёзда содир бўлган ёнғинлар киради, деб ёзди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бундан аввал ҳам бу қўпорувчилик ҳаракатлари бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Туск: Полша Украинанинг Евроиттифоққа киришини тезлаштиради

Доналд Тускнинг қўшимча қилишича, 1 январдан Европа Иттифоқи кенгашига навбатдаги олти ойлик раислик вазифасини ўз зиммасига олган Полша Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини тезлаштиради. Зеленский, ўз навбатида, «Украина Европа Иттифоқига қанчалик тез кирса, НАТОга тезроқ аъзо бўлиши, бутун Европа ўзига керакли геосиёсий ишончни шунчалик тез олиши»га ишонч билдирди.

Мавзуга оид