Зеленский Украинанинг НАТОга қўшилишига қарши бўлаётган давлатлар номини ошкор қилди
Киев ушбу давлатлар раҳбарияти билан НАТОга қўшилиш мавзусида «очиқ мулоқот» ўтказган. Зеленскийнинг айтишича, уларнинг ҳар бирида Украинани иттифоқ таркибида кўришни истамаслик учун «ўз сабаблари» бор.
Украинанинг НАТОга қўшилишига Венгрия, Германия, Словакия ва АҚШ қаршилик билдирмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Украина етакчисининг сўзларига кўра, Киевда юқоридаги тўртта давлат раҳбарияти билан НАТОга қўшилиш мавзусида «очиқ мулоқот» бўлиб ўтган.
«АҚШ, Венгрия, Словакия, Германия. Улар бизни НАТОда кўришни истамади», — дейди у.
Зеленскийнинг айтишича, алянснинг ушбу аъзоларини ҳар бирида Украинани иттифоқ таркибида кўришни истамаслик учун «ўз сабаблари» бор. Украина президенти, шунингдек, Киев ўзига хавфсизлик кафолатлари берилишини талаб қилаётганини эслатиб ўтган.
2022 йил февралда Россия томонидан Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бир неча кун ўтиб, Зеленский Европа Иттифоқига қўшилиш аризасини берган, ёзда эса мамлаакт номзод мақомини олган.
Украина ҳукумати, шунингдек, НАТОга аъзо бўлиш режаларини Конституцияга ҳам мустаҳкамлаб қўйган. 2020 йил июнда Киев ўз қўшинларининг алянс кучлари билан ўзаро ҳамкорлигини ошириш имконини берадиган шерик мақомини қўлга киритган эди.
НАТО бир неча бор Украинанинг блокка аъзолиги муқаррар эканини маълум қилган, жумладан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам бу ҳақида гапирган. Аммо қатор давлатлар Киевнинг блокка қўшилишига қарши. Хусусан, Полша ТИВ раҳбари Радослав Сикорский Украинани НАТОга таклиф қилиш масаласи мураккаб экани, чунки бу Россия билан урушга олиб келиши мумкинлигини айтган. Люксембург, Белгия ва Испания ҳам Киевнинг алянс аъзолигига таклиф қилмасликни маъқул кўрган.
Россия ҳам Украинанинг НАТО аъзоси бўлишига қарши. 2024 йил июнда РФ президенти Владимир Путин Киев билан тинчлик музокараларини бошлаш учун Украина алянсга қўшилиш ниятидан воз кечиши кераклигини билдирганди.
Мавзуга оид
23:55 / 16.01.2025
Корейслар Курскда шиддат билан урушмоқда. Нега?
16:28 / 16.01.2025
«Интизомли, содиқ ва қўрқув билмас куч». Украин ҳарбийлари шимолий кореяликлар ҳақида
14:07 / 16.01.2025
Россия ва Украина «25 га 25» формуласи бўйича асирлар алмашди
08:39 / 16.01.2025