Жаҳон | 19:08 / 09.10.2016
12575
2 дақиқада ўқилади

Мишель Обама Трампни аёллар ҳақидаги сўзлари учун танқид қилиб чиқди

Фото: Reuters

АҚШнинг биринчи хоними Мишель Обама президентлик сайловида Республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трампнинг аёллар ҳақида 2005 йили айтган ҳақоратли сўзлари аудиоёзуви тарқалганига муносабатини билдириб ўтди.

Унинг айтишича, агар номзод доимий равишда аёлларни камситиб келган бўлса, аёл кишининг танаси ҳақида ҳақоратли сўзларни ёғдирган, аёлларни ташқи кўриниши учун танқид қилган бўлса, бу унинг аслида кимлигини кўрсатиб беради.

"Бизга вазмин ва ўзини сипо тута оладиган раҳбар керак. Президент гап ҳаёт ва ўлим, уруш ҳақида гап кетаётганида ақл билан чиқишлар қилиши керак. Менимча тунги соат 3да твиттер орқали аёллар билан сўкишиб ўтирадиган шахс ядро қуролини ишга солиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак. Бу фикримга барча қўшилса керак", дея унинг сўзларини келтирган Just Jared.

У барча америкаликлар солиқ тўлаш бурчини бажаргани ҳолда, Трамп  кўп йиллар давомида бундай қилмай келганини эслатган. 

Washington Post нашри 7 октябрда Трампнинг иштирокидаги 2005 йилдаги видеони чоп этди. Трамп унда аёлларга тегажоқлик қилиши билан мақтанган.

Бугун эса CNN телеканали ҳам Трамп иштирокидаги видеодан парча намойиш қилди.

Эндиликда унинг америкаликлар орасидаги нуфузи тушишда давом этиб, сайловда ғалаба қозониш имконияти деярли йўққа айланмоқда.

Мавзуга оид