ОАВ: Клинтон президентлик сайловидаги ғалабаси учун мушакбозликка буюртма берган
АҚШ президентлиги учун Демократик партия номзоди Ҳиллари Клинтон тантана мушакбозлигини буюртма қилишга улгурган. У Нью-Йорк шаҳрида келаси ҳафта сешанба куни, 8 ноябрда бўлиб ўтадиган сайлов натижалари эълон қилингач, берилиши мумкин, деб ёзмоқда The New York Post нашри.
Нашрнинг шаҳар ўт ўчириш департаментидаги манбаларига кўра, мушакбозлик Hudson дарёси соҳилларида амалга оширилади. Бу тантана маҳаллий вақт билан 21:30да бошланиши эҳтимол.
Шу нарса ойдинки, мушакбозликка 28 октябрдан аввал буюртма берилган. Чунки, жума куни ФҚБ Клинтон электрон мактубларига оид янги суриштирув ишларини бошлашга кўрсатма берган эди. Бу эса, собиқ давлат котибининг сайловолди кампаниясига сезиларли салбий таъсир кўрсатди.
Нашрнинг ёзишича, Нью Йорк ўт ўчирувчилари ва ҳуқуқ идоралари Клинтоннинг ўзига бу қадар ишонишидан ҳайрон қолишган.
Ўт ўчириш департаменти ходимларидан бири, 2000 йилдаги сайловларни ёдга олиб, овозларни қайта санашга тўғри келиб қолса, Клитон хоним, мушакларни музлатиб қўярмиди?, деган савол билан ҳам мурожаат қилган.
Бошқа бири эса, Клинтон мағлубиятга учрагудек бўлса, мушакларни ярим нархига рақиби Дональд Трампга пуллаши мумкинлигини айтган. Ахир унинг ҳам бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган, деб таъкидлаган манба.
Истеъфодаги ўт ўчирувчилардан бири, департаментнинг ёш ходимлари пиротехника томошасининг хавфсизлигини таъминлаш вазифаси уларга юклатилганидан норози эканлигини таъкидлаган.