Жамият | 15:08 / 08.11.2016
73412
8 дақиқада ўқилади

АҚШнинг энг машҳур 10 президенти ҳақида нималарни биласиз?

Бугун, 8 ноябрь, АҚШда 45-Америка президенти сайловлари бўлиб ўтмоқда. Nur.kz нашри Америка раҳбарлари орасида энг ёрқин ва машҳур сиймоларни ёдга олди. Шунча йиллар ва ҳаттоки асрлар ўтишига қарамай, бу таниқли шахслар нимаси билан тарихда қолди?

 

Жорж Вашингтон, АҚШнинг биринчи президенти (1789 - 1797)

ФОТО STATE-USA.RU

Вашингтон 1789 йилда ушбу лавозимни эгаллаган. У сайловчиларнинг 100 фоиз овозини тўплашга муваффақ бўлган ягона президентдир. АҚШда уни "юрт отаси" дейишади. Вашингтон Америка давлати ва президентлар институтига илк пойдеворларни қўйган ҳамда уларнинг кейинги тараққиётини белгилаб берган. Вашингтон томонидан бунёд этилган мамлакат пойтахти бекорга унинг номи билан юритилмайди. Бундан ташқари, штат, кўл, орол, тоғ, кўплаб аҳоли пунктлари, коллеж ва институтлар, кўчалар ва майдонларга унинг номи берилган, унинг сурати эса доллар купюрасини безаб туради. 

 

Эндрю Жексон, АҚШнинг еттинчи президенти (1829 - 1837)

ФОТО MIXSTUFF

АҚШнинг демократик партиядан сайланган илк президенти. У "Ҳиндуларни кўчириш тўғрисида"ги қонунни имзолаб, уларни ёқтирмаслиги билан танилган. Ҳиндуларнинг аксарияти янги жойларда егулик етишмовчилиги туфайли ҳаётдан кўз юмган. Жексоннинг сурати 20 долларликда акс эттирилган. 

Жексон 100дан ортиқ дуэлларда иштирок этган, уларнинг аксарияти турмуш ўртоғи Рейчелнинг шаънини ҳимоя қилишга қаратилган бўлган. 

 

Авраам Линкольн, АҚШнинг ўн олтинчи президенти  (1861 - 1865)

ФОТО MIXMOVIE.RU

Республикачилар партиясининг илк президенти. У қулларни озод қилганлиги ҳамда Америка миллий қаҳрамони бўлганлиги билан танилган. Унинг бошқаруви даврида трансконтитентал темир йўл қурилган. У иттифоқдошларини илҳомлантиришнинг уддасидан чиқувчи бебаҳо нотиқ ҳисобланган. Линкольн қатъий ахлоқий тамойилларга асосланган, шу билан бирга ўз ўрнида ҳазил қилишни ҳам билган. 

1865 йилнинг 14 апрелида театрда Линкольннинг жонига қасд қилинган ва у суиқасд уюштирилган биринчи  президент бўлган.  Шундан сўнг америкаликлар қулларни  озод қилган буюк инсон шарафига улкан ҳайкал барпо қилишган. Линкольн бугунги кунга қадар америкаликларнинг энг севимли президентларидан бири ҳисобланади. 

Линкольннинг шарафига кўплаб ҳайкаллар бунёд этилган, шаҳар, кўчалар, университет, турли марказлар, нуфузли автомобиллар маркаси, авиаташувчи - буларнинг барчаси Линкольн номи билан юритилади. Шунингдек 5 долларлик купюрада унинг сурати муҳрланган. 

 

Томас Вудро Вильсон, АҚШнинг йигирма саккизинчи президенти (1913 - 1921)

ФОТО FB.RU

У бугунги кунга қадар мамлакатдаги монополияга қарши фаолиятни назорат қилувчи АҚШ Федерал резерв қонунини қабул қилганлиги билан тарихда қолган. Америка Биринчи жаҳон урушига қўшилганидан кейин эса Вильсон "Европада тинчлик ўрнатганлиги учун" Нобель мукофотини олган. 

Иккинчи президентлик муддати охирида президент фалаж касаллигига йўлиқади ва мамлакатдаги барча муҳим қарорларни биринчи рақамли хоним ҳамда Штатлар раҳбарининг маслаҳатчилари қабул қилишади. 

Вильсоннинг суратини мамлакатдаги энг йирик - 100 минг долларлик купюрада кўриш мумкин. 

 

Франклин Рузвельт, АҚШнинг ўттиз иккинчи президенти  (1933—1945)

ФОТО POLITPUZZLE.RU

Рузвельт - АҚШнинг икки муддатдан ортиқ вақтга сайланган ягона президенти.  

Ўз президентлигининг илк юз кунида президент Рузвельт бир қатор муҳим ислоҳотларни қабул қилган - банк тизимини тиклаган ва оч-наҳор ҳамда ишсизларга ёрдам кўрсатиш бўйича Федерал фавқулодда маъмурият тузиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. 

У мамлакатни глобал иқтисодий инқироз ва Иккинчи жаҳон уруши даврида бошқарган. 

 

Гарри Трумэн, АҚШнинг ўттиз учинчи президенти  (1945—1953)

ФОТО THEDAILYBEAST.COM

АҚШ ва собиқ СССР ўртасидаги "совуқ уруш" айнан Трумэн номи билан боғланади - у Совет Иттифоқига қарши бўлган ва Американинг бутун дунёда яккаҳоким бўлиши ғоясини илгари сурган. Унинг бошқаруви даврида, 1949 йилда АҚШ ташаббуси билан НАТО тузилган. 

Трумэн шунингдек Германиянинг СССРга ҳужумидан кейин айтилган гапи билан ҳам танилган.

"Агар Германия ғолиб бўлганини кўрсак, Россияга ёрдам беришимиз керак, агар Россия ғалаба қозонса, у ҳолда биз Германияга кўмак берамиз. Имкон қадар кўпроқ бир-бирларини ўлдираверишсин, бироқ мен Гитлерни ҳам асло ғолиблар сафида кўргим йўқ", - деган ўшанда 33-президент. 

 

Ричард Никсон, АҚШнинг ўттиз еттинчи президенти (1969 - 1974)

ФОТО KP.RU

У АҚШнинг президентлик муддати тугагунга қадар истеъфога чиққан илк ва ягона президент ҳисобланади. У машҳур "Уотергейт можароси"да айбланишдан қўрқиб, ана шундай йўл тутган. 

Никсоннинг бошқаруви даврида америкалик астронавтлар Ойга қўнишга муваффақ бўлишган. Бу президент - АҚШнинг 50 штатида бўлишга муваффақ бўлган биринчи давлат раҳбари.  Шунингдек у Хитойга ташриф буюрган илк АҚШ президенти ҳисобланади. АҚШ ва ХХР муносабатлари айнан шу даврда тараққий этган.

 

Жон Кеннеди, АҚШнинг ўттиз бешинчи президенти  (1961—1963)

ФОТО ASSASSIN'S CREED WIKI

Жон Кеннеди номи бугунги кунда кўпроқ унинг сирли ўлими билан боғланади. Унинг ўлимига доир ҳали-ҳануз тахминлар билдирилади. 

Кеннеди АҚШ тарихидаги энг ёш президент бўлиб қолди. У Линкольн моделига риоя қилиб, қора танлиларнинг тенг ҳуқуқли бўлишларига ҳаракат қилган. Бундан ташқари, Кеннеди АҚШ ва СССР муносабатларининг яхшиланиши тарафдори бўлган. 

Ўз маошидан тушган барча пул воситаларини хайрия ишларига сарфлаган. 

Бугунги кунда аэропортлар ва авиаташувчилар Жон Кеннеди номи билан юритилади, шунингдек унинг портрети акс эттирилган хотира тангалари, маркалар чиқарилган. Ҳаттоки компьютер ўйинлари ва мультфильмларда ҳам унинг образини учратиш мумкин. 

 

Тўнғич Жорж Буш, АҚШнинг қирқ биринчи президенти  (1989—1993)

ФОТО RAWSTORY.COM

Жорж Герберт Уокер Буш бутун дунёда катта ўзгаришлар (Берлин деворининг қулаши, СССРнинг тарқалиши ва бошқалар) юз бераётган бир даврда ўз лавозимига ўтирганлиги билан ёдда қолган. 

Тўнғич Жорж Буш ўзининг 90 ёшли юбилейини парашютдан сакраб нишонлаган.

 

Билл Клинтон, АҚШнинг қирқ иккинчи президенти  (1993-2001)

ФОТО CELEBRITYDRESSES.BIZ

Билл Клинтон президентлиги даврида Американинг ташқи қарзлари ва ишсизлик кўрсаткичларини анча пасайди, шунингдек мамлакат юксак технологиялар соҳасида етакчиликни қўлга олди. Айнан Клинтоннинг маъмурияти бутун дунёда ядровий қуролнинг бекор қилинишига эришган. 

У саксофонни яхши чалиши билан ҳам эл оғзига тушган. АҚШнинг барча президентлари орасидан энг кўп хорижга - сафар қилган раҳбар ҳисобланади - у 133 мамлакатда бўлган. 

Бироқ Клинтоннинг Моника Левински билан алоқаси АҚШда кенг овоза бўлиб, унинг нуфузига путур етказган. 

Мавзуга оид