Жамият | 00:05 / 15.11.2016
6412
2 дақиқада ўқилади

Италиянинг энг кекса эркаги 111 ёшга тўлди

Фото: vistanet.it

Италиянинг энг кекса эркаги, Сардиния оролидаги Ассемини шаҳрида яшовчи Валерио Пиродди 13 ноябрда 111 ёшини нишонлади, деб хабар бермоқда L'Unione Sarda маҳаллий нашри.

Юртдошлари томонидан "Италия бобоси" деб аталадиган Валерио ўз туғилган кунини қариндошлари ва қўшнилари билан бирга нишонлади. Улар орасида бобонинг икки фарзанди, 6 набираси ва 5 эвараси бор бўлган. 

Пиродди ҳеч қачон жиддий касалликлардан азият чекмаган ва ўзини яхши ҳис қилиб келади. Унинг қулоғи оғирлашиб қолганига қарамасдан, хотирасини яхши сақлаб қолган ва ўзи мустақил юради.

"Бобо хотира ва моторика жиҳатдан ҳақиқий мўъжизадир. Унинг биологик ёши барча қайд қилинган ҳужжатлардан 20 ёшга кичикроқ", деб айтди Жаҳон узоқ умр кўриш жамияти президенти Роберто Пили. Пилининг айтишича, "Италия бобоси" Европанинг энг кекса одамига айланишга барча имкониятга эга.

"Мен 1905 йилда Сардиниядаги Вилламассаржа қишлоғида туғилганман. Менинг отам  ёшлигимда ўтиб кетган. Мен меҳнат қилишни барвақт бошлаганман, дастлаб темир йўлда, сўнгра кўмирчи бўлиб ишлаганман, бироқ минимал пенсия оламан", деб бироз ўкиниб гапирди бобо журналистларга.

Италиянинг Сардиния ороли азалдан ўзининг узоқ умр кўрувчи одамлари билан машҳур бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, оролда ёши 100 дан ошган 350 дан кўпроқ одам яшайди. Оролда шунингдек генетик тадқиқоқлар маркази очилган бўлиб, бу ерда маҳаллий узоқ умр кўрувчи шахсларнинг ДНКси ўрганилади.

Ҳозирда Италия ва бутун дунёдаги энг улуғ ёшли аёл Вербания шаҳрида яшовчи Эмма Морано ҳисобланади. 29 ноябрда момо 117 ёшга тўлади. 2013 йил апрелида у Европанинг энг кекса одами бўлганди, жорий йилнинг 12 майидан  эса умуман сайёрамизнинг энг кекса одамига айланди. Морано 1900 йилдан аввал туғилган дунёдаги ягона инсон ҳисобланади.

 

Мавзуга оид