Иқтисодиёт | 12:00 / 23.12.2016
13069
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: 2017 йилда юаннинг долларга нисбатан курси тушиб кетиши мумкин

Фото: Google image

Хитой халқ республикаси миллий валютаси жэньминьби (юань)нинг АҚШ валютаси долларга нисбатан янги 2017 йилдаги курси бир долларга 7-7,5 юань атрофида бўлиши мумкин. Аммо, "Хуаньцю шибао" нашрининг ёзишича, айрим экспертлар бошқача рақамларни билдиришмоқда. 

"Жорий йилда юаннинг долларга нисбатан қадрсизланиши сезиларли бўлди", - деган Шанхай молия ва иқтисодиёт университети профессори Си Цзюньян.

"Юань курсининг долларга нисбатан пасайиши мамлакат ташқарисига олиб чиқилаётган сармоя миқдорига боғлиқ", - деб ҳисоблайди Шанхай ижтимоий фанлар академияси халқаро молия тадқиқотлар маркази директори Чжоу Юй. "2016 йил бошида сармоялар чиқиб кетиши ўсди, бу эса, алмашув курсининг кескин пасайишига олиб келди", - деган Юй. Унинг қайд этишича, ҳукумат валюта захираларининг камайиши билан миллий валюта курсини шакллантириш жараёнидаги иштирокини қисқартиради ва бу вазифани бозорга топширади. 

Ўз навбатида Merchants Securities катта таҳлилчиси Лю Дунлянга кўра, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп томонидан юритиладиган сиёсат ҳам Хитой валютасининг қадрсизланишига сабаб бўлади. "Агар Дональд Трамп протекционизм сиёсатини давом эттирса, Хитой ҳукумати юань курсининг бироз пасайишига йўл қўйиши мумкин", - дея тахмин қилган таҳлилчи. 

Ушбу жиҳатлар эътиборга олинса, юаннинг 2017 йилги долларга нисбатан курси бир долларга 7-7,5 жэньминьбини ташкил этиши мумкин, деб ҳисоблайди Чжоу Юй. 
Бироқ, Лю Дунлян бу рақам бир долларга 7,1 - 7,15 юань бўлишини айтмоқда. 

 

Мавзуга оид