Жаҳон | 07:50 / 08.01.2017
90664
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги теракт ижрочиси ўзбекистонлик бўлиши мумкин

Фото: Daily Sabah

Истанбул полицияси 1 январга ўтар кечаси Истанбулдаги тунги клубда отишма содир этган кимсанинг шахсини аниқлади, деб хабар бермоқда Daily Sabah нашри.

Таъкидланишича, Истанбул полиция бошқармаси террорчи ўзбек миллатига мансуб Абдулқодир Машарипов исмли эркак бўлганини аниқлаган. У шунингдек, Абу Муҳаммад Хуросоний номи билан ҳам маълум бўлган.

Полиция айни вақтда ҳужумдан кейин қочиб кетишга муваффақ бўлган террорчини қидирмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, террорчи 6 та ўқдонни алмаштириб, 180 тадан кўп ўқ узган. 7 дақиқа давом этган ҳужумдан кейин у ошхонага кириб, у ерда 13 дақиқа ичида кийимларини алмаштириб, клубдан бошқа одамлар билан бирга чиқиб, воқеа жойини таксида тарк этган. Бироқ у қўшни туманда таксичига пули йўқлигини айтиб, машинадан тушиб қолган. Айнан таксичи террорчининг шахсини аниқлашга ёрдам берган.

Шунингдек, террорчи Истанбулга Конья шаҳридан келгани, 1988 йилда туғилгани ва учта тил – турк, араб ва рус тилини билиши малум бўлган.

3 январда Туркия ҳукумати терактни содир этишда гумонланувчининг шахсини аниқлагани ҳақида маълумот пайдо бўлганди, бироқ ушбу маълумот расман тасдиқланмаганди.

Reina тунги клубидаги ҳужум оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 киши яраланган.

Мавзуга оид