Ўзбекистон | 11:49 / 16.01.2017
25659
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев йўл қурилишидаги камчиликлар ҳақида гапирди

14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди ва бир қатор соҳалардаги камчиликларга диққатни қаратди.

“Бизни йўл қурилишидаги ишлар аҳволи ҳам қониқтирмайди. Молия вазирлиги ва унинг Йўл жамғармаси айби билан маблағларнинг кескин етишмаслиги доим сезилиб турибди. Битумни барқарор етказиб бериш масаласи ҳал этилмаган. Ўғирликлар тугамаяпти. Кадрлар қўнимсизлиги юқори

Ўтган йили «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва «Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик жамияти раҳбариятини алмаштирдик. Бироқ бу ташкилотларнинг янги раҳбарлари – И.Маҳкамов ва Б.Зарипов зарур даражада ташаббус кўрсатмаяпти. 

Умид қиламанки, О.Раматов ва бошқа раҳбарлар ўз ҳисоботида ана шу саволларга аниқ жавоб беришади. Шу йил бошида жорий қилинган ҳукумат аъзоларининг Президентга ҳисобот бериш тартиби доирасида бошқа раҳбарлар билан ҳам албатта учрашаман. Бунга барча раҳбар ходимлар ва ҳудудлар ҳокимлари пухта тайёргарлик кўришини сўрайман. 

Жойлардаги аҳволнинг жиддийлиги ва оғирлигидан келиб чиққан ҳолда, О.Раматовни Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинладик ва унга шу оғир участкани топширдик. Шунинг учун Бош вазирнинг барча ўринбосарлари, ҳокимлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз саъй-ҳаракатини бирлаштириб, унга ёрдамчи бўлиб фаол кўмак бермаса, кутилган натижага эришиш қийин бўлади. 

Агар жойларда инфратузилма ва ижтимоий объектларда ўта ачинарли аҳволга дуч келсангиз, мавжуд ҳолати улардан кўра яхшироқ бўлган объектлар ўрнига ана шу ёмон аҳволдаги объектларни киритиш йўли билан, О.Раматов, сизга тасдиқланган манзилли дастурларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади. Буни барча раҳбарлар билиб олсин”, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Мавзуга оид