Иқтисодиёт | 23:43 / 13.03.2017
5491
2 дақиқада ўқилади

WP: АҚШнинг 2018 йилги бюджети лойиҳасида катта қисқартиришлар кўзда тутилган

АҚШнинг 2018 молиявий йилга мўлжалланган бюджети Иккинчи жаҳон урушидан кейинги АҚШ ҳукуматининг бир вақтнинг ўзида энг катта миқдорда қисқартирилишини кўзда тутмоқда. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар бермоқда.

1 октябрда бошланувчи 2018 молиявий йил бюджети лойиҳаси 16 март куни тақдим қилиниши режалаштирилган. Унда ҳарбий эҳтиёжлар ва АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлашга ажратиладиган маблағлар устуворлик қилади. Бунда харажатларнинг қолган моддалари, жумладан кам таъминланганларни уй-жой билан таъминлаш, бошқа давлатларга молиявий кўмак кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларига ажратиладиган маблағлар "кесиб ташланади". 

Маълум қилинишича, режалаштирилаётган қисқартиришлар Вашингтонда бандликнинг 1,8 фоизга қисқаришига олиб келади. 

Тахмин қилинишича, АҚШнинг 2018 молиявий йилдаги харажатлари 4,091 трлн долларни ташкил қилади. Бу қийматдан учдан икки қисми ижтимоий суғурта дастурларига, кам таъминланган ва кекса ёшлиларга тиббий ёрдам кўрсатишга, давлат қарзини тўлаш ва шу каби харажатларга сарфланади. АҚШ маъмурияти бюджетнинг қолган қисмининг ярмидан кўпроғини мудофаага йўналтирмоқчи. Шу билан бирга АҚШ Давлат департаменти ва унга кирувчи Халқаро тараққиёт агентлигини молиялаштиришни 37 фоизга, Уй-жой қурилиши ва шаҳарлар ривожланиши вазирлигини 14 фоизга, савдо вазирлигини 18 фоизга, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал агентлигини 20-25 фоизга қисқартирилмоқчи.

Мавзуга оид