Жаҳон | 12:57 / 18.04.2017
22001
11 дақиқада ўқилади

Туркия референдуми: Билиш керак бўлган жиҳатлар

Туркияда 16 апрель, якшанба куни бўлиб ўтган референдум натижалари 1923 йилда Туркия Республикаси эълон қилинганидан буён ўтган 94 йил ичида мамлакат тарихидаги энг муҳим сиёсий ўзгаришларга олиб келиши мумкин.

Бу қандай муҳим ҳодиса ва унинг аҳамияти?

Турклар референдум мобайнида мамлакатни парламент демократиясидан президентлик бошқарувига ўтказишни ёқлаб овоз беришди.

18та ўзгаришдан иборат пакет халқ ихтиёрига қўйиб берилди, чунки конституцияга киритилажак ўзгаришлар парламентдаги депутатларнинг учдан икки қисми маъқулловига эга бўлмади. 16 апрель куни бўлиб ўтган референдумда халқнинг ярмисидан кўпроғи ўзгаришларни маъқуллади ва энди қонун президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан имзоланади. 

Референдумни 1923 йилда Туркия Республикасига асос солингач, мамлакат сиёсий ҳаётидаги энг аҳамиятли ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин. Бу йўлда мамлакат президент Эрдўғон алоҳида бир қатъият кўрсатди ва вазирларини Европа давлатларидаги турк диаспоралари ўртасида сайловолди кампанияси ўтказишга ҳам жўнатди, орада Нидерландия ҳукуматини "нацистлар" деб аташга ҳам улгурди.

Янги тизимга кўра, Эрдўғон яна иккита сайловда иштирок этиши мумкин, Агар у 2019 ва 2024 йилга сайловларда ҳам ғалаба қозона олса, истиқболда мамлакатнинг якка раҳбари сифатида 2029 йилгача фаолият олиб бориши мумкин. У парламентда мутлақ катта ўринга эга бўлган, ўзи асос солган Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) раҳбарлигига ҳам қайтиши мумкин эди.

Туркияда шу вақтгача президентлик лавозими кўпроқ шунчаки бир удум сифатида мавжуд эди, бироқ сиёсатнинг шакллантирилишида маълум бир таъсирга ҳам эга эди. Ўзининг қудратли шахс эканлиги, АТП электорати ва қонуншунослари орасида катта обрў-эътиборга эгалиги туфайли Эрдўғон эски конституция амалда бўлиб турган шароитда ҳам ўз лавозими обрўсини яхшигина ошириб олган эди ва энди, референдумдан сўнг, у янада қудратли шахсга айланади.

Одамлар айнан нималар учун овоз беришди?

18 та ўзгариш аввало қонунчилик ва ижро ҳокимиятига тааллуқли бўлади. Уларга кўра:

- Президент давлат ва ҳукумат раҳбари саналади. У вазирлар ва вице-президентларни тайинлаш ва ишдан олиш ҳуқуқига эга. Президент, шунингдек, референдумлар жорий этиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.

- Бош вазир лавозими бекор қилинади. Президент вазирлар маҳкамасига раҳбарлик қилади ва бир неча вице-президентлардан иборат ўринбосарларга эга бўлади. Парламент энди вазирларни кузатишдан маҳрум бўлади, чунки унинг вазирларни кузатиш ва ишончсизлик билдириш ваколатларига чек қўйилади. Парламент вазирларни оғзаки сўроққа тутиш, маълум бир фармонни чиқариш учун вазирга ваколат юклаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Президент ветосидан ўтиш учун парламент қонун лойиҳасини абсолют кўп овоз (301) билан қайта қабул қилиши керак.

- Президент энди нейтрал киши бўлиши шарт эмас, у ўзи содиқ бўлган сиёсий партияга аъзолигини сақлаб қолади. Айни пайтда президент лавозимга ўтиргач, партия билан алоқаларини узиши шарт эди.

- Президентликка номзод бўлиш учун фуқаро олдинги парламент сайловларида сайловчиларнинг камида 5 фоиз овозини олган партиянинг қўллашига эга бўлиши шарт.

- Парламент ваколатлари муддати 4 йилдан 5 йилга узайтирилади. Президент ва парламент сайловлари ҳар 5 йилда бир кунда бўлиб ўтади.

- Парламент аъзолари сони 550 дан 600 тагача кўпайтирилади, уларнинг энг кичик ёши эса 25 дан 18 ёшгача пасайтирилади.

- Президент ва парламент аъзоларининг бешдан уч қисми муддатидан аввалги сайловларни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бу ҳолатда ҳам президентлик, ҳам парламент сайловлари биргаликда ўтказилади.

- Фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқи президентга тегишли, бироқ уни ҳаракатга келтириш учун парламентнинг маъқуллаши шарт.

- Президентга парламент томонидан импичмент қўлланилиши мумкин. Бунинг учун парламент аъзоларининг бешдан уч қисми қўллаб овоз бериши лозим. Парламент суриштируви натижасида парламент президентга қарши ишни Олий судда кўриб чиқилишига эришиши мумкин. Бунинг учун депутатларнинг учдан икки қисми рози бўлиб овоз бериши керак. Айни пайтда у фақат давлатга хиёнат қилсагина қонунчилик ҳокимияти томонидан судга берилиши мумкин.

- Ҳарбий судлар бекор қилинади. 

- Олий суд кенгаши аъзолари 22 тадан 13 тагача қисқартирилади. Президент мамлакат Олий суд кенгашига 13 аъзосидан 4 нафарини ўзи тайинлайди. 7 нафар аъзосини парламент кўрсатади. Парламент томонидан кўрсатиладиган номзодлар биринчи турда депутатларнинг учдан икки қисми (400), иккинчи турда бешдан уч қисми (360) овозини олиши керак. Кенгашнинг яна икки аъзоси адлия вазири ва унинг ўринбосари ҳисобланади. Судьялар ва прокурорлар кенгаши раиси адлия вазири бўлади.

Туркия фавқулодда ҳолатда эмасми?

Ҳа, референдум ўтаётган муҳит ҳам сиёсий жиҳатдан фавқулодда ўта мураккаб ҳисобланади, айниқса, ўзгаришларга қарши чиққан инсонлар учун.

Мамлакатда фавқулодда ҳолат ўтган йилнинг ёзида — муваффақиятсиз давлат тўнтариши натижасида 243 киши қурбон бўлган ва 1400 дан ортиқ киши ярадор бўлган кунда жорий этилган эди. Туркияда кенг қулоч ёзган фикрга кўра, давлат тўнтаришини айни пайтда АҚШда яшаётган, дунё бўйлаб тарқалган "Хизмат" жамоатчилик ҳаракати асосчиси Фатҳуллоҳ Гулан уюштирган. Гулан эса буни рад этиб келади.

Фуқаролик хизмати, полиция, ҳарбийлар, суд органлари, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари ўртасида олиб борилган тозалаш ишлари гуланчилар билан алоқадорликда айбланган ўн минглаб инсонларнинг ишдан бўшатилишига сабаб бўлди. Эрдўғоннинг рақиблари тозалаш ишлари тўнтаришни уюштирган гуланчиларни тутиш чегарасини бузиб ўтиб, ҳар қандай сиёсий мухолифатни овлаш иши бўлиб қолганини таъкидлаб келишади.

Мухолифатдаги партияларнинг маълумотига кўра, айни пайтда 152 нафар журналист қамоқхоналарда, мухолифатдаги Халқ демократик партиясини бостириш натижасида унинг кўплаб қонунчилари ва икки нафар раҳбари ҳибсга олинган.

Нега аксарият "Ҳа" деб овоз берди?

Парламентда конституциявий ўзгаришларни маъқуллаганлар асосоан АТП аъзолари ва улар миллатчилар билан иттифоқда шу ишга қўл уришди.

Бу ўзгаришлар тарафдорларининг фикрича, бу йўл билан ижро этувчи ҳокимият иқтисодий тараққиёт ва терроризмга қарши курашда ҳокимиятни яккаш бошқарувчи "Кучли Туркия"га асос солинади. Улар 1990-йиллардаги коалицион ҳукуматларни мисол келтириб, иқтисодий таназзул ва вайронкор инфляцияни ёдга олишган. Улар АҚШ, Франция ва Мексикадаги сингари кучли ижроия ҳокимияти беқарор вақтларда — курдлар кўпчилик бўлган ҳудудларда, ИШИДга ва Гулан тармоқларига қарши давом этаётган кампания терроризм таҳдидига қарши самаралироқ кураша олишади, деб ҳисоблашмоқда. АТП бошқаруви остида барқарор ҳаётдан умид қилинмоқда.

Уларнинг фикрига кўра, ҳарбий қонун-қоидалар асосида тузилган, бир-бирига зид ваколатлар билан "икки бошли раҳбарият"ни пайдо қилган ҳамда унга ҳукуматда қарорлар чиқаришга тўсқинлик қилувчи ваколатларларни тақдим этувчи эскирган конституциядан воз кечиш учун фурсат етган. Уларнинг фикрича, назарда тутилган ўзгаришлардан сўнг президентни катта жиноятлар учун айблаш, ҳокимият бир кишининг қўлида тўпланиб қолишининг олдини олиш учун муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказиш, каби мувозанатли ва томонларни тийиб туриш учун етарли тизим яратилади.

АТП партияси депутати ва конституцион кенгаш аъзоси Муҳаммад Амин Оқбошўғли шундай деган: "Энди кенгроқ барқарорлик тақдим этилади, Туркия номаълумлик ва беқарорлик келтириб чиқарувчи нарсаларга беҳуда вақт сарфламайди, давлат идораларининг самарадорлиги ошади ва унинг ёмон ишлаётган қисмларидан воз кечилади".

Нега аҳолининг деярли тенг ярми "Йўқ" деб овоз берди?

Бу қонун лойиҳасига асосан мухолифатдаги икки партия қарши овоз берди: секуляр Республика халқ партияси (РХП) ва курд қонунчилари аъзо бўлган Халқларнинг демократик партияси (ХДП). Уларга шунингдек, сўллар ва озчиликлар коалицияси қўшилишди.

Рақибларнинг фикрича, президентлик тизими йилдан йилга авторитар раҳбарга айланиб борган Эрдўғон бошчилигида якка бошқарув тизими яратилишига олиб келади. Улар ҳукумат томонидан ўзгача фикрловчиларни кенг бостириш, президентнинг танқидни асло ҳазм қила олмаслиги, шахсий ҳақоратларга ҳам бемалол ўтиб кетиши мумкинлигига ишора қилишади. 

Уларнинг айтишича, бу ўзгаришлар президентга бюрократия, полиция, ҳарбийлар ва илмий доираларда тозалаш ишларини ўтказиш, шунингдек, ХДПнинг сиёсий ва бошланғич ташкилотлари штатида тизимли ҳибсга олиш ва қувғинга солишда қўл келиши мумкин.

Республика халқ партияси депутати ва конституция кенгаши аъзоси Булент Тезжоннинг фикрига кўра, киритилаётган ўзгаришлар "Туркияда демократик тизим бир қоидага алмашиши"ни билдиради. "Президент барча ваколатларни, жумладан суд ва ижро этувчи ҳокимиятларни ҳам ўз қўлида жамлаб олмоқчи, ҳокимиятнинг уч бўғини бир кишининг ихтиёрида бўлади", — деган Тезжон.

Қаршилар, шунингдек, референдум зиддиятли шароитда ўтказилгани, етакчи сиёсатдонлар, олимлар ва журналистлар, жумладан ХДПнинг харизматик етакчиси Салоҳиддин Демиртош ва "Жумҳурият" мухолифат газетаси журналистларининг ҳибсга олинган пайтда сайлов ўтказилганини таъкидлашмоқда.

Рақиблар жорий этилажак тизимда мувозанат ва етарли даражада тийиб туриш воситаси бўлишига ҳам ишонишмаяпти. Уларнинг фикрича, парламентдан ижро этувчи ҳокимиятни назорат қилиш ваколатининг олиб қўйилиши, Эрдўғонга кўплаб судьяларни тайинлаш ҳуқуқининг тақдим этилиши, унга АТП партияси аъзолигича қолишига изн берилиши мамлакат сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида унинг ҳукмронлигини мустаҳкамлашга қаратилган бир йўлдир.

Ким ютди?

Олдиндан ҳеч нарсани аниқ башорат қилиб бўмайдиган шароитда, якуний овоз беришда иккиланиб турган 5-6 фоиз сайловчиларнинг овози референдум натижаларини ҳал қилди. 58 миллион 366 минг 647 нафар рўйхатга олинган сайловчиларнинг 85,32 фоизи сайловда қатнашди. Овоз берган сайловчилар деярли 49 млн. 800 минг нафарни ташкил этди. Уларнинг 25 млн. 156 минг 860 нафари ёки 51,41 фоизи конституцияга киритиладиган ўзгаришларни ёқлашди. 48,59 фоиз сайловчилар референдумда қарши овоз беришди.

Бундан Эрдўғон ютдими ёки Туркия халқи, ҳозирча аниқ бир баҳо беришга эрта. Нима бўлганда ҳам, Туркия сиёсий тизими кескин ўзгаришларга дучор бўлади. Эрдўғонга ўзининг лидерлик сифатларини жаҳон афкор оммаси олдида намойиш этиш учун янада кенгроқ имконият тақдим этилади.

Кўраверамиз...

Ш.Шокиржонов тайёрлади

Мавзуга оид