Жаҳон | 19:44 / 19.04.2017
42213
3 дақиқада ўқилади

Азимовнинг акаси Қирғизистондан Россияга депортация қилинди 

Петербург метросида содир этилган терактнинг эҳтимолий ташкилотчиси Аброр Азимовнинг катта акаси Акром Россияга бу жиноятни амалга оширишда гумонланувчи сифатида депортация қилинди. Бу ҳақда "Интерфакс" вазиятдан бохабар манбага асосан хабар берди.

"Акром Азимов Ўш шаҳрида қўлга олинди ва Россияга депортация қилинди", - дея айтиб ўтди манба. Унинг таъкидлашича, Акром “Санкт-Петербург метросидаги терактга тайёргарлик кўришда иштирок этганликда гумонланмоқда”.

Аввалроқ гумонланувчиларнинг укаси Билол Азимов "Интерфакс"га Акром Азимов Қирғизистондан Россияга депортация қилинганини хабар қилди. "Акромни Ўш аэропортидан Москвага олиб кетишди. Уни Ўшда қўлга олишди ва Россияга депортация қилишди, сабаби у РФ фуқароси", - дея маълум қилди Азимов.

"Ўшда Акром жарроҳлик амалиётидан ўтказилиши керак эди, унинг бошида ўсимта бор", - дея қўшимча қилиб ўтди у. Шунингдек, унинг қайд этишича, ака-укаларнинг отаси ўғилларига адвокат ёлламоқчи ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилиш ниятида. "Биз уларнинг айбдорлигига ишонмаймиз, уларнинг теракт ташкилотчилигига алоқаси йўқ", - дея айтиб ўтди Азимов.

Шу билан бирга, Азимовларнинг қўшнилари улар анъанавий диний қарашларга эга бўлгани ва ҳеч қачон радикал бўлишмаганини айтиб ўтишган.

Аввалроқ Азимовларнинг қариндошлари 15 апрель куни касалхонада бўлган Акром Азимовнинг ёнига Қирғизистон миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси ходимлари келишгани ва уни сўроққа олиб кетишгани, шундан сўнг оиласидан ҳеч ким уни кўрмаганини хабар қилишди. Агентликнинг Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасининг тасдиқлашича, Акром сўроққа чақирилган, бироқ у кейинчалик қўйиб юборилган.

3 апрель куни Санкт-Петербург метросида «Сенная площадь» ва «Технологический институт» бекатлари оралиғида портлаш рўй берди. «Площадь Восстания» бекатида ҳам портловчи қурилма топилди ва зарарсизлантирилди. Теракт оқибатида 15 киши ҳалок бўлиб, 49 киши жароҳатланди. Тергов қўмитаси ушбу теракт келиб чиқишига кўра қирғизистонлик бўлган 22 ёшли Акбаржон Жалилов томонидан содир этилганини эълон қилди.

Мавзуга оид