Жамият | 10:15 / 08.06.2017
15444
3 дақиқада ўқилади

Мишель Обама: Барак 8 йил давомида битта смокинг кийди

Фото: AP

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама 8 йил мобайнида ҳокимиятни бошқарган вақтида тантанали анжуманларга фақат битта смокингни кийган. Баракнинг рафиқаси Мишель Apple дастурий таъминотларини ишлаб чиқарувчилар конференцияси доирасида журналистлар билан учрашувида шу ҳақда маълум қилди. 

Унинг ҳикоя қилишича, сураткашлар ва дунё мода танқидчилари тантанали маросимларда Мишелнинг либослари ва аксессуарларига эътиборга қаратган бир вақтда, деярли ҳеч ким ўша вақтдаги давлат раҳбари ҳар доим битта қора костюм-шимда кўриниш берганини сезмаган. "Биз нима қилмайлик, у фақат ўша битта смокингни кияр эди", - дея тан олган Мишель Обама. 

"Одамлар менинг пойабзалим, тақинчоқларимни суратга тушириб, уларни муҳокама қилишарди, аммо улар Барак Обаманинг 8 йил мобайнида битта смокинг ва туфлини кийгани ҳақида лом-мим дейишмади", - дея АҚШнинг собиқ биринчи хоними сўзларини келтиради The Hollywood Reporter журнали. 

"Ва у бу билан фахрланарди. У кўп ҳолларда "Мана мен тайёрман. Мен 10 дақиқаада тайёр бўламан. Сенга ҳали анча борми?", - деб сўзлаб берган Мишель. 

Мишель Обама, шунингдек, People журналига машҳур сурат ҳақида сўзлаб берди. Ўшанда, 2015 йили ХХР раиси Си Цзиньпин рафиқаси Пэн Лиюань билан Оқ уйга келиши кутилаётган вақтда Мишель Баракнинг капалаксифат бўйинбоғини тузатган эди.

"Бизни ўшанда 100 журналист суратга олаётганди", - деб хотирлайди Мишель. "Биз автомобиллар келишини кутаётган эдик. Шунда мен зерикканимдан турмуш ўртоғим ажойиб кўринишда эканига ишонч ҳосил қилгим келди", - деб кулади собиқ биринчи хоним.

Барак Обама 2008 йилда АҚШ президентлигига сайланган ҳамда бу лавозимни эгаллаган илк афроамерикалик бўлганди. 2012 йилда иккинчи маротаба сайланди. Барака Обама ва унинг рафиқаси Мишелнинг никоҳ тўйи 1992 йил 3 октябрда бўлиб ўтган. Уларнинг икки қизи бор. 

Мавзуга оид