Жамият | 15:57 / 10.06.2017
45379
3 дақиқада ўқилади

Рамазон туҳфаси: Одилхон қори Юнусхон ўғли билан видеосуҳбат

Мамлакатимизда Рамазон шукуҳи кезмоқда. Кундузлари рўзада, тунлари таровеҳ намозларида қоим бўлаётган кишилар бу шукуҳни янада теранроқ, янада чуқурроқ англашади, ҳис қилишади.

Рамазон аслида қандай ой? У инсонга қандай руҳий янгиланиш, руҳий қувват бера олади? Бу мавзуга Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли ўз фикрини билдирди.

“Рамазон – инсон 11 ой мобайнида умр йўлидаги барча чорраҳаларини тартибга солиб олиш ойидир. Мен мусулмонман, мен Яратганнинг гўзал бир маҳлуқотиман, азизу мукаррамман ва ниҳоят инсон деган улуғ номга эгаман, деб ҳисобловчи одам боласи бу ойда мўминлик қилиб, ихлос ила Аллоҳнинг амрига бўйин эгса, у бу ойдан ўзига руҳий баркамоллик олади.

Бунинг ўзига яраша сабаби бор. Бу ойда инсон 11 ой давомида йўл қўйган хатоларини, билиб-билмай қилган гуноҳларини Қуръон тиловати ила даволаб, ислоҳ қилиб, қолган 11 ой ичида ҳақиқий мўмин бўлиб яшаш қувватини олади.

Инсон қалбини даволаш, қалб хотиржамлиги ҳақида гапирар экан Одилхон қори Юнусхон ўғли шундай дейди:

“Қанчалик кўп китоб ўқилмасин, қанчалик кўп яхшилик қилинмасин агар киши руҳий тарбияни тўғри йўлга қўя билмас экан у ҳеч қачон қалб хотиржамлигига эриша олмайди. Аслида, қалб қандай касалланади? Аввало шуни таъкидлаш лозимки, қалбнинг кирланиши биз ўйлагандек, моддий кирланиш эмас. Бу маънавий кирланиш бўлиб, гуноҳларнинг бардавом этилиши билан содир бўлади. Биз энг кичик гуноҳларгача эътибор бермасак, вақт ўтиб қалбимиздаги хотиржамлик йўқолади, бизда руҳий баркамоллик бўлмайди. 

Бунинг давоси қалбимизни тўғирлаш билан бўлади. Инсон ўз-ўзига гуноҳлардан тийиламан, ҳар кун яхшилик қиламан, ибодатда бўламан, қайтиб хато қилмайман, деса ўша кундан енгил бўлади, руҳий хотиржамликка эришади. Қалбимиз тўғирландими нафсимиз ҳам тўғирланади. 

Бу ишларнинг амалий натижасини ҳам кўряпмиз. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, Шайхонтоҳур туманида қанчадан қанча оилалар пароканда бўлган эди. Мурғак фарзандлар аросатда қолган эди. Рамазон ойи шарофати билан, қалблар эриган маҳал уларнинг ораси ислоҳ қилинди, оилалари тикланди. Буларнинг барчаси, Рамазон шарофати, бу ойининг барокатидандир.

Мавзуга оид