Жаҳон | 10:40 / 14.06.2017
16491
2 дақиқада ўқилади

Бельгия қироли мусулмон оила билан бирга ифторлик қилди

Фото: © Dirk Waem, Pool Photo via AP

Бельгия қироли Филипп Рамазон ойи муносабати билан, Бельгиянинг йирик шаҳарларидан бири Гентда яшовчи марокашлик оила билан ифторлик қилди. Бу ҳақда RTL телеканали маълум қилди. 

Қирол уй эгаси ва унинг 8 та ўғли ва уларнинг оилалари билан сут ва хурмо ҳамда турли егуликлардан тановул қилди ҳамда Рамазон ойи фазилатлари ва бу вақтда рўза тутишнинг фойдаси ҳақида хабардор қилинди. Унга бу ҳақда уй эгасининг Гентдаги энг катта масжидлардан бирининг имоми ҳамда Фландрия вилояти таълим бошқармасида ишловчи ўғилларидан бири сўзлаб берди.    

Телеканалнинг таъкидлашича, Бельгия қиролининг ифторликда иштирок этиши Бельгия мусулмон аҳолисининг жамиятга қўшилиб кетишидаги муҳим рамзий воқеа бўлди. 

Расмий маълумотларга кўра, Бельгиянинг 11 млн аҳолисидан 800 мингини мусулмонлар ташкил қилади. Ваҳоланки, 2000 йилда уларнинг сони 400 мингга яқинни ташкил қилган. Мамлакатда кўплаб лицензияга эга бўлмаган ҳамда хонадонлар ва гаражларда ташкил этилган ибодат қилиш жойларидан ташқари расман тан олинган 350 га яқин масжид фаолият юритади.

Мавзуга оид