Жамият | 19:56 / 14.06.2017
39143
16 дақиқада ўқилади

Куни Матмусаларга қолаётган ўзбек театри (Саҳна ортига назар)

«Ҳуррият» газетасининг 14 июнь кунги сонида таниқли адабиётшунос, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг «Бизга режиссёр керакми, ўзи?!» сарлавҳали мақоласи нашр этилди. Ушбу кескин танқидий руҳдаги мақолада ўзбек театрининг аҳволи таҳлил қилинган, режиссура инқирозга юз тутаётгани аламли сўзлар билан ифода этилган. «Кун.uz» ўзбек зиёлиларида шундай журъат уйғонишига хайрихоҳлик билдирган ҳолда, ушбу мақолани қайта нашр этди.

Аччиқ, аммо очиқ гаплар – «Бизга режиссёр керакми, ўзи?!»  

Дабдурустдан бундай савол қўйиш ғалатироқ туюлиши табиий. Бугун томоша дегани кўпайгандан кўпайиб, санъат нарироқ турсин, не-не маънавий банг, олди-қочди кино, спектакль, сериал, клип, шоу ва ҳоказолар учун ҳам режиссёр дегани талабгир бўлиб турган пайтда бундай савол қўйиш, албатта, ноўриндек. Аммо, не ажабки, бугун ўзбекка режиссёр керак эмас экан. Аниқроғи, ўз ишини пухта биладиган, спектакль деган ҳодисани миридан сиригача юрагидан ўтқазиб, уни росмана санъат ўлароқ жамиятга тақдим этадиган юксак прфессионал санъаткор режиссёр керак эмас экан. Нари-бери қитиқ қўзғайдиган, у-бу воқеа лахтакни амаллаб бир-бирига ёпиштириб, тангроқ вазиятдан чиқиб кетадиган, унча-бунча пичратқи эҳтиросларни қўзғатиб, кўзга нам, лаб-лунжга таъм сола биладиган чаламулла, анчайин ажабтовур, гапдон, учар бир кас бўлса кифоя: боса-бос шоу-томоша, бада-банг шоҳ ташлаб ўйин-кулгу, қийқириқ, жазава...

Эй, Худо, қачон бу халойиққа ақл, инсоф, ўй-тушунча киради, деб куйинганингча қолаверасан. Чунки яккасан, таъқибли нигоҳларга, таъна-маломатларга чидолмай атрофингни тарк этиб кетганлар туфайли ёлғизланиб, курашларда толиққансан, “боре, керакми битта савил жонимга”, деб юборар даражага келиб қолиб, ўзингни фаолиятсизликка ҳукм этасан... Аммо... аммо қани ўша “э..., боре...”дан топадиган ҳаловатинг?! Йўқ..., йўқ у! Чунки бу қисмат – Яратган эгангнинг пешонангга ёзгани – тамғаси. Маломат қиладими, таъна-дашном берадими, не бир имконияту мартаба, жиччагина амалу умидворликдаги унвону нишон-барининг андишасини йиғиштириб, ўзингни жабҳага отасан, бўлганча бўлар дейсан, қисматдан юз буролмайсан – таваккали Худо! Ёзуқми бу ёки бахт, ҳар қалай, виждон билан яшаш, “Жим туролмайман” (“Не могу молчать!”) деган Толстой бобога ўхшаб фарёд уриш кўз ўнгида воқе бўлиб турган адолатсизликка кўниколмай, мунг чекадиган танқидчи – мушоҳадали, муносабатли одамнинг, мутахассиснинг ва, энг муҳими, фуқаронинг вазифаси, ҳаққи рост бурчидир, аввало. Шу андишада моҳи-рамазоннинг ўн биринчи саҳари қўлга қалам олдим. Сабаби боис ўнинчи кун рамазон ифторидан сўнг Баҳодир ака Йўлдошевнинг қўнғироқ қоқиб, аламу ангиз каминага қилган маломатлари, “ўзбекка режиссёр керакми ўзи?!” дея қайта-қайта берган аламли саволлари бўлди. 

Маломатки – жон-жонимдан ўткулик: театрларда янги томоша бўлса, бориб ошини еб, мақтаб келаверасанларми, директорларнинг эллик долларлик харажатига сотилиб кетаверасан, деган туҳмат тошлари... 

Аламки – куни кеча (шу гаплардан икки кун аввал) Ўзбек давлат драма театрига вазирнинг биринчи ўринбосари шахсан бориб, Ўзбекистон санъат арбоби, атоқли режиссёр Олимжон Салимовни бутун жамоага бош режиссёр сифатида таништириб келса-ю, Олимжон ака бор жамоа кимлардан иборат экан, билиб олай дея штат жадвалини сўраб суриштиргани учун у ерда вақтинча вазифа бажариб ўтирган директор (аслида директор ўринбосари лавозимидаги касби кори театрга мутлақо алоқасиз) йигитча “Сенинг ишинг спектакль қўйиш, театрда ким ишлайди, бу ерга ким кириб-чиқади, ишинг бўлмасин” дея отаси тенги одамни, Ўзбекистоннинг кўздаги атоқли режиссёрини беҳурмат қилиб, дўқ уриб, ҳайдаб солгани... Янаки, вазири аъзамнинг ўзи илтимос қилиб, Баҳодир Йўлдошевнинг қийин-қистови билан Олимжон Салимов театр бош режиссёрлигига не бир андишаларда борган бўлсаю, “шу даргоҳга рози бўлиб келдимми, энди қорин учун эмас, қадр учун, ўзбекнинг санъати, театр деб юрган каттаю кичик қора кўзлари ҳаққи бирор ўзгаришлар қилишим керак. Ўзбекистон янги паллага қадам қўйди, Юртбошимиз Шавкат Миромонович оламшумул ишлар билан юртни тараққий эттириш тадорикларида ёниб юрганида унга ҳамфикр, ҳамқадам бўла билайлик”, деган янгигина бош режиссёр ҳали тайин иш бошламай, пойгакдаги ўрнига ишора қилиниб турса?.. Буни не деб, қандай тушунмоқ керак?

Баҳодир аканинг фиғони ошиб, яна каминага нишларини санчади: “Эй, барака топкурлар, мени эмас, Олимжон Салимовни эмас, театрни, ўттиз еттита ўзбек театрини ҳимоя қилинглар ҳар хил касу нокаслардан. Қачонгача режиссёр зоти хор бўлади?! Маннон Уйғур шўро пайтида, мафкурадан оғиб кетаяпти деб, бир муддат бош режиссёрликдан олиниб, чеккага суриб қўйилган бўлса, Тўла ака (Тошхўжа Хўжаев) санъатдаги дилетантлар туфайли театрдан безиб, ичкиликка берилиб, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетган бўлса, Эргаш Масафаевнинг қисмати ёки ўзимнинг, Олимжоннинг талабчанлигимиз учун бошимизда ўйнаган маломат қамчилари, хўр-хорликлар – қачон тугайди булар?! Ким ҳимоя қилади бизни?! Нима, Ўзбекистонда режиссёр дегани шунчалар кўпми? Азбаройи кўплигиданки, ёшим етмиш иккига кириб майдонма-майдон югуриб юрибман. Росмана санъаткор режиссёрнинг йўқлигидан, тайинли тайёрланмаётганиданки, Олимжонни юраги касал ҳолида, етмиш ёшида “Театрга бор, шунча умид билан юрган актёрлар – умри беҳуда ўтмасин” дея мажбурлаб илтимос қилиб турсак. Охири борми, бу бемазагарчиликларнинг?!”

Бу гаплар, бир қарашда, хусусий холатга тегишлидек туюлади. Ҳа, энди, театрчилик, баланд-паст гаплар ҳамиша бўлган, бўлаверади. Шунга ҳам “ота гўри қозихонами?! Ундан кўра уч-тўрт кун бурун эълон қилинган “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори ва унда тасдиқланган 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора тадбирлар Дастури хусусида сўзлашсак маъқулмасмиди, деб қоласан. Баайни шундай, ҳаққи рост! Аммо Баҳодир аканинг куйиниб, аламланиб айтган гаплари айни шу ҳужжатга бевосита алоқадор экани ҳам лоп-лоп хаёлингга келаверади. Санъатни ривожлантириш ва такомиллаштириш дегани, албатта, режиссёр кадрларнинг истеъдоди, салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ жараёнки, ҳақиқий режиссёрсиз санъат, айниқса, театр санъати сира ривожланиши, инчунун, такомиллашиши мумкин эмас. 

Маннон Уйғур 22 ёшида “Турон” труппаси (ҳозирги Миллий театр) етакчиси бўлган эди. Тошхўжа Хўжаев 33-34 ёшларида, Баҳодир Йўлдошев эса 23-24 ёшларида катта-катта давлат тадбирлари, съезд, қурултой ва бошқа турли байрам томошаларини саҳналаштириб, дурустгина ҳаётий ва ижодий тажриба тўплаб, йигирма саккиз-йигирма тўққиз ёшларида ҳозирги Миллий театрнинг Бош режиссёри бўлган эди. Бошқа атоқли режиссёрларимиз хусусида ҳам шундай мисоллар келтириш мумкин. Улар айни навқирон ёшларида ўз ижодий “мен”ларини намоён этиб, жиддий ижодий труппаларга етакчи бўла олишларини амалда қўйган спектаклари, жамоаларни йўналтира билганлари билан исбот этган эдилар. Қани ана шу анъана ва етакчиликка қобил етук ёш истеъдодлар?! Ўзбек театрининг режиссёрлик ва актёрлик мактаблари, анъаналари бор ва улар ўн йиллар давомида шаклланиб, ривожланиб келаётган эди-ку. Нега оқиб турган дарё ўзанлари қуруқшаб бораяпти? Шу ҳолатда ўзбек театр режиссёрлиги санъатини Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов, Мансур Равшанов, Карим Йўлдошев, Носир Отабоев, Жўра Маҳмудов, Валижон Умаров, Сайфиддин Мелиев ўз ижоди, изланишлари, маҳорат ва ижодий ташкилотчиликлари билан сақлаб турган эканлар, уларнинг қадрига ета билишимиз, асрашимиз ҳам зарур-ку! Таъбир жоиз бўлса, театр учун маъмурий хизмат ходимлари топилаверади, булар оз эмас, аммо режиссёр масаласи муҳимлардан муҳим. Чунки режиссёр туғилади, диплом ё бир шаҳодатнома билан талаба режиссёр бўлиб қолмайди. Мободо шундай бўлганида бугун пойтахтимиздаги аксарият театрлар ҳозиргидек бош режиссёрсиз, йўлини топа олмай юрмасди. Шунинг учун ҳам Баҳодир аканинг куйиниб айтган фикрлари бу хусусий ҳол эмас. Қолаверса, Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев ҳам ўттиз икки миллионли мамлакатнинг оддий бир фуқароси эмас. У бир пайтлар таниқли арбоб, ҳозирда марҳум устозимиз айтмоқчи, “республика мулки” – ўзбекнинг фахри, бойлиги. Демакки, бу одамнинг ўзи каби фикрини ҳам хусусий фикр деб қабул қилиб бўлмайди. 

Шу гаплар билан мазкур ёзувларга нуқта қўймоқчи эдим. Қарангки, қўлимдаги ручкани қўяман деб қарасам, унда “Ўзбек Миллий академик драма театри – 100” дея ёзиб қўйилган экан. Беихтиёр бундан уч йил аввал отахон театримиз ва айни чоғда ўзбек янги театр санъатининг бир асрлик тўйини нишонлашга тайёргарлик кўрилаётган худди шу паллалар хотиримга келди. Раҳматли биринчи Президентимизнинг махсус Қарорлари эълон қилинган ва шунга мувофиқ Миллий театрда таъмир ишлари ва бошқа ташкилий-амалий ишлар кетяпти, ҳужжатли фильм, китоб-альбом тайёрланаяпти ва ҳоказо. Бироқ энг муҳими, муҳимлардан муҳими – юз йиллик санани саҳнада қандай нишонлаймиз, олий даражадаги меҳмонларга репертуардаги қайси спектаклни намойиш этамиз деган масала кўндаланг. Президентимизнинг мазкур Қарори ижросига масъул мутасадди вакиллар театрнинг амалдаги бирор спектаклини байрам тадбирларига мувофиқ эмас, пъеса ва режиссура ночор дея маъқул кўрмаяпти. Вазиятдан чиқиш учун концерт номерлари билан кифояланамизми деса, бу ёғи театр-томоша муассасасининг қутлуғ санаси нишонланаяпти. Қарангки, 2014 йили Давлат аҳамиятидаги нуфусли тадбир бундан 40 йил аввал саҳналаштирилган “Келинлар қўзғалони” спектакли негизида эркин композиция шаклида томошабинга намойиш этилди. Чунки бу спектакль юксак режиссёрлик маҳорати билан саҳналаштирилган ва ўзбек театр тарихидан муносиб жой олган унутилмас мумтоз асар – театр санъати намунаси эди. Бу, спектаклнинг режиссёри эса Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев эди. 

Орадан икки йил ўтиб, Миллий академик театримиз саҳнасида Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” тарихий трагедияси янгича талқин ва таҳрирда саҳналаштирилди. Мазкур спектакль премьерасида иштирок этган ўша юбилей тадбирига масъул мутасадди акамиз бу сафар томоша тугагач, Миллий театр Бадиий кенгаши аъзоларига қарата: “Агар Ислом Абдуғаниевич ҳаёт бўлганларида уларни сира иккиланмай мазкур спектаклга таклиф этган бўлардим”, деб айтдилар. “Мирзо Улуғбек” спектаклини саҳналаштирган режиссёр эса Ўзбекистон санъат арбоби Олимжон Салимов эди. 

Р.S. Хўш, айтилганлардан не хулоса қиламиз, аниқроғи, ким хулоса чиқаради? Амал курсисига мазахўрак бўлиб, ўзига дахлсизлик тўнини ёпишга уринаётган директор ўринбосари – йигитчами ёки муҳтарам вазири аъзам жанобларими? Нафсиламрини айтганда, бир ерини мўйчинак тишламаган бачаларга пишанг бераётган, уларни ҳезлаб, ортида турганлар ким экан? Шукрки, Ўзбекистонда на Ислом Каримов ва на улардан сўнг Шавкат Миромонович “акахонлик” касали урчишига йўл бермадилар. Ҳамма нарсада адолат ва тўғриликни шиор тутиб келмоқдалар. Лекин яна бир ҳақиқат ҳам борки, адолат ва тўғрилик наққошнинг нили эмас – бир чизганингча ялтиллаб тураверса. Маънавий ақидалар барқарорлиги учун ҳамиша ва ҳамма ерда муттасил курашмоқ шарт. Қаерда лоқайдлик, бепарволик урчиса, ўша ерда адолат путурдан кетади, тўғрилик эгриликка айланади...

37 театр – айтишга, ёзишга осон. Ҳар бирида юзларча инсон. Йиғиб келса неча минглаб жамоа-жон. Шуларнинг барига энг аввало режиссёр, бор бўлса бош режиссёрлар масъул. Демак, минглаб одам-театр меҳнат аҳлининг тақдири режиссёрга боғлиқ. Режиссёр фаҳму фаросат, фасоҳат билан уларнинг куч-имкониятидан фойдалана олса, аҳли театр миллионларнинг қалбига эзгулик уруғини сепади, улуғвор ишларга бошлайди, юртни обод, кўнгилларни шод этади. Асли жаҳон театр санъати ҳам режиссёр ва режиссёрлик санъати туфайли мавжуд, яшаяпти ва шитоб билан тараққий топмоқда. 

Бундан қирқ йиллар нарида собиқ иттифоқдаги ўнлаб академик театрлар орасида Ҳамза номидаги ўзбек Академик (ҳозирги Миллий) драма театри катта-кичик расмий-норасмий саноқларда биринчи учликда зикр этиларди. Россия ва Грузиядаги театр санъати даражасида саналарди. Бу асосан театр режиссураси ҳисобига эди. Чунки каттаю кичиклиги, маҳобати, имконияти жиҳатидан юзлаб кучли театрлар бўлгани ҳолда, ўзбек театри режиссура ҳисобига энг олди учликда эди. Қарангки, бизда режиссуранинг турли нохолис субъектив сабаблар туфайли таназзулга кетиши театр санъатимизнинг даражоти тугул, шу орада етишган неча авлод санъаткорларнинг ҳақиқий режиссура нима эканини билмай, ўзида ҳис қилмай ўтишига сабаб бўлмоқда. Ажабки, иш жойи театр бўла туриб, театр нималигини билмай ўтиш одам учун фожеа эмасми?! Демоқчимизки, ҳақиқий режиссёр талқини, таҳлили, талаби ва таснифи бўлмаган жойда ҳақиқий театр ҳам йўқ, демакки, санъат ҳам йўқ. Бу нари борса ҳаваскорлик, холос. Ҳаваскорлик билан эса бирор иморатни қуриб бўлмайди, инчунун театр иморатини. (Бунинг кулгили, аммо аламли рамзий кўринишларини марҳум устоз Эркин Воҳидов “Дониш қишлоқ латифалари”да Матмусанинг тандир қурганию тандир кийгани, дутор чалганию қўшиқ айтгани каби қатор ҳангомаларда яққол кўрсатиб қўйганини бир ёдга олайлик). Таассуфки, бугун ўнлаб ўзбек театрлари “бош”сиз, яъни бош режиссёрсиз, ҳатто тайин-тутуруқли оддийгина режиссёрсиз, аниқроғи касбида саводи чиққан, мутахассислиги “хос”ликларини англаб етган етакчиларсиз мавжуд бўлиб турибди. Шу тахлит кетса, ажабмаски, ҳадемай режиссёр дегани анқонинг уруғига айланиб, кунимиз Матмусаларга қолса. Илоҳо бундай бўлмасин, ақл борида этакни ёпайлик. Бинобарин, мазкур ҳодисадан хулоса чиқариб, янаги йил ташкил топганига ярим аср тўладиган Ўзбек давлат драма театрида соғлом ижодий муҳит, қизғин театрчилик фаолияти билан яшаш кайфиятини қарор топтирайлик. Токи ўзбек театр санъати яна бир кучли, бақувват ижодий жамоа изланиш, интилишлари билан ривожу тараққийга эришсин, анъаналарини давом эттириб, замона шитобига муносиб ўзгариш ва янгиликлари билан маънавиятимиз, маданиятимиз, санъатимиз такомилига хизмат қилсин.   
Шуҳрат РИЗАЕВ   

Мавзуга оид