Жамият | 22:51 / 22.06.2017
45689
2 дақиқада ўқилади

Салоҳиддин Шарипов: “Ҳалол луқма – инсон саодатининг калитидир”

Кун.uz’нинг “Рамазон туҳфаси” лойиҳаси доирасида дин уламолари билан олиб борилаётган файзли суҳбатларни давом эттирган ҳолда галдаги меҳмонимиз Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Шарипов бўлди. Биз у киши билан ҳалол луқма ва унинг икки дунё саодатига мушарраф қилувчи хусусиятлари ҳақида суҳбатлашдик.

“Авваламбор луқма, емоқ-ичмоқ масаласи жуда муҳим ҳисобланади. Шу боис динимиз таълимотларида бу масалага эътиборсизлик қилинмаган, балки жиддий масала қаторида қабул қилинган. Ҳалол луқма ҳақда гапиришдан олдин бу луқмани касб қилиш, уни талаб этиш ва қидириб топиш масаласини яхши билишимиз керак. 

Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида: “Эй одамлар, Аллоҳ таолога тақво қилинг, унинг азобидан қўрқинг, мол-дунё талаб қилганингизда гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир қўлга киритади. Шунинг учун Аллоҳ таолога тақво қилинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг”, деб марҳамат қилганлар.

Мол-давлат ва луқма борасида улуғлар жуда эҳтиёт бўлишган. Улар ўз молларига ноҳақ йўл билан давлат аралашиб қолишини ёки ҳаром луқма кириб келишининг қайғусини қилишган. 

Бугунги кунда бутун дунё инсонлари ҳалол луқма касб қилиш таълимотига жуда муҳтож. Мол-давлат билан боғлиқ жиноятлар одамлар ҳаётида энг чуқур илдиз отган иллатлардан бири бўлиб қолмоқда. Ислом таълимотлари ана шу муаммоларга шифо бўлади. Фақатгина бунга эътиборсизлик бўлмаса бўлди”.

Салоҳиддин Шарипов билан ўтказилган суҳбат давомида мавзуга доир гўзал ривоятлар сўзланди, Қуръон оятлари тафсири мутолаа қилинди. Ҳалол ризқ ҳақиқатан ҳам инсон саодати эканлиги равшанлашди.

Мавзуга оид