Ўзбекистон | 18:00 / 21.07.2017
47277
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон 24» телеканали қачон иш бошлаши аниқ бўлди

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибида ташкил қилинган янги форматдаги янгиликлар телеканали бўлмиш «Ўзбекистон 24» ахборот-таҳлилий телерадиоканали кейинги ҳафтадан иш бошлайди. Бу ҳақдаги маълумот «Кун.uz»нинг МТРКдаги манбалари томонидан тасдиқланган.

Янги канал 24 июлдан эфирга чиқади. Телеканал эфирлари дастлаб ёзиб олинган ҳолда эфирга узатилади. 

«Айни вақтда телеканал фаолияти йўлга қўйилиши учун ишлар қизғин. Барчаси 24 июлга қараб кетмоқда», дея маълумот берган «Кун» манбаси. У телеканал очилиши президент Шавкат Мирзиёевнинг туғилган кунига тўғри келишига эътибор қаратган.

Ушбу телеканал «Диёр» телеканали ва «Тошкент» радиоканалларининг частоталарида эфирга чиқади. Телеканал ходимлари сони 251 киши бўлиши белгиланган. 

Телеканал SD ва HD форматларида эфирга узатилади. Унинг HD форматидаги трансляцияси мамлакатда ушбу форматга тўлиқ ўтилгунга қадар параллел равишда UzHD каналида ҳам амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ахборот-таҳлилий телеканали ташкил этилиши ҳақида май ойида маълум бўлганди. Аввалига телеканал 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни иш бошлаши кутилганди. 27 июнь куни эса телеканал «тез кунда иш бошлаши» айтилди.

«Ахборот», «Давр» ва «Пойтахт» информацион дастурлари ёпилади

Мавзуга оид