Жаҳон | 17:40 / 06.09.2017
9015
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг янги давлат котиби ким бўлиши мумкинлиги айтилди

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли Рекс Тиллерсонни Давлат  департаменти раҳбари лавозимида алмаштириши мумкин. Бу ҳақда Foreign Policy Америка ҳукуматидаги манбага асосан хабар бермоқда.

«Ўтган ҳафтада унинг кетиши, Ҳейли эса бу лавозимни эгаллаши мумкин экани ҳақида миш-мишлар авж олди», - дея маълум қилди амалдор.

Нашрнинг хабар қилишича, Тиллерсоннинг истеъфоси ҳақидаги миш-мишларга унинг сўнгги вақтларда омма олдида камроқ кўриниш бераётгани  ва ташқи сиёсатнинг муҳим масалалари бўйича баёнотлар билан чиқмаётгани сабаб бўлган.

Таъкидланишича, Ҳейли Эрон ядро келишуви ва КХДР ракета-ядро дастури каби масалалар бўйича чиқиш қилган.

Шу билан бирга, Давлат департаменти вакили ўз раҳбари истеъфога чиқиши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ бермаган. Унинг сўзларига кўра, Тиллерсон фаол иш олиб бормоқда.

Аввалроқ The Washington Post нашри АҚШ президенти Дональд Трамп борган сари давлат котиби Рекс Тиллерсондан кўнгли қолаётгани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид