Британиялик боксчи Энтони Жошуа навбатдаги жангида зафар қучди
Британиялик ўта оғир вазнли боксчи Энтони Жошуа камерунлик Карлос Такамга қарши кечган жангни 10-раундда техник нокаут билан ютди ҳамда WBA ва IBF версиялари бўйича чемпионлик унвонларини ҳимоя қилди. 12 раундлик жанг Кардиффдаги "Миллениум" стадионида бўлиб ўтди.
Дастлаб Жошуа болгариялик Кубрат Пулевга қарши жанг ўтказиши керак эди. Бироқ жангга 2 ҳафтача қолганда Пулев елкасидан олган жароҳатдан кейин тўлиқ тиклана олмаслиги маълум бўлган ва у жангдан воз кечган.
Кардиффда кечган жангнинг 2-раундида рақибининг боши билан берган зарбасидан кейин Жошуанинг бурнидан қон кета бошлаган. Бу уни фаоллашишга мажбур қилган ва британиялик раунд охирида бир нечта комбинациялар ўтказган. 3-раундда боксчилар суръатни пасайтиришган. 4-раундда Жошуа яна фаоллашган ва рақибини нокдаун ҳолатига туширган. Камерунликнинг қоши ёрилган ва ҳаттоки унга шифокор кўриги керак бўлган.
Жанг кейин паст суръатларда, бироз зерикарли, бироқ британияликнинг устунлиги билан давом этган. 9-раундга келиб Такамнинг иккинчи қоши ҳам ёрилган.
10-раундда жангга нуқта қўйилди. Такам бир нечта зарбаларни ўтказиб юборгач, чайқала бошлаган, бироқ оёғида тура олган ва рақиби зарбаларидан қоча бошлаган. Бироқ ҳакам жангни тўхтатишга қарор қилиб, ғалабани техник нокаут билан Жошуага берган. Такам ҳакамнинг бу қароридан норозилик билдирган ва ўз эътирозларини билдира бошлаган. Такамнинг фикрича, ҳакам шошқалоқлик қилган, чунки у ҳали кураша олиши мумкин эди.
Норасмий маълумотларга кўра, иккала боксчи ҳам бу жанг орқали ўзлари учун энг катта гонорар ишлаб олганлар: Жошуа 20 млн долларга, Такам эса 5 млн долларга бойиган.
Жанг Жошуанинг профессионал фаолиятидаги 20-жанги бўлди ва у ҳозирча барча жангларини нокаут билан якунлаган. Боксчи IBF унвонини тўртинчи марта, WBA унвонини эса биринчи марта ҳимоя қилди. У охирги жангини 29 апрелда украиналик Владимир Кличкога қарши ўтказган. Ўша жанг Жошуа учун фаолиятида энг узоқ кечган жанг бўлган ва у 11-раундда рақибини техник нокаут билан мағлуб эта олган. Бу мағлубият Кличко учун қаторасига иккинчи мағлубият бўлган ва у фаолиятини якунлашини маълум қилган.
Такам бокс мухлисларига россиялик Александр Поветкинга қарши жанги билан таниш. У Москвада 2014 йил 24 октябрда россияликка қарши ўтказган жангида ютқазиб, WBC кумуш камарини бой берган. Такам ҳисобида умумий ҳисобда 35 та ғалаба, 4 та мағлубият ва битта дуранг бор.