Ўзбекистон | 22:29 / 07.11.2017
13548
2 дақиқада ўқилади

Туркиялик топ-менежер «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га ишга ўтди

Туркиялик эксперт Ўрхон Сиврикий "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақида миллий авиакомпания (МАК) матбуот хизматида хабар берилди.

Фото: uzairways.com

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегациянинг октябрь ойида Туркияга ташрифи давомида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК томонидан фуқаролик авиацияси бўйича туркиялик экспертни маслаҳатчи сифатида жалб этиш масаласи кўриб чиқилганди.

Туркиядаги учрашувлар натижасида МАК фуқаролик авиацияси бўйича машҳур топ-менежер Ўрхон Сиврикийни ҳамкорликка жалб этишдан манфаатдор эканини билдирди.

Жаноб Сиврикий 1991 йилда Босфор университетини тугаллагандан сўнг ўз ҳаётини авиация билан боғлади. Ўтган йиллар ичида у Туркия, Европа ва Шимолий Америкада масъулиятли лавозимларни эгаллаб келган ва ўзини авиайўналишларни режалаштириш, янги бизнес-моделларни яратиш, шунингдек маркетинг ва даромадларни бошқариш бўйича етук мутахассис сифатида намоён қилган.

Техника фанлари доктори Ўрхан Сиврикий "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчи лавозимига 6 ноябрдан киришди.

Маълумот учун:

  • 1967 йилда туғилган;
  • 1991 йилда Босфор университети бакалавриатини тугаллаган;
  • 1997 йилда Окан университети магистратурасини тугаллаган;
  • 2012 йилда Окан университетида "Авиаташувларга бўлган талабларни прогноз қилиш" мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган;
  • 2015 йилда Туркияда "Йилнинг энг яхши маркетинг директори" дея тан олинган;
  • Инглиз ва немис тилларини билади;
  • Дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатида бўлган;
  • Оилали, икки фарзанднинг отаси.

Мавзуга оид