Туркия бош вазири АҚШ сиёсатини танқид қилди
АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсати минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига ёрдам бермайди. Туркия бош вазири Биноли Йилдирим шундай баёнот билан чиқди.
Қўшма Штатлар Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси билан боғланувчи Сурия курдларига ҳарбий кўмак бермоқда. Бу эса Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатларнинг таранглашувига сабаб бўлмоқда.
"Марк-ленинча йўналишдаги бу курд гуруҳларининг барчаси Туркия миллий хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солади. Бироқ АҚШ ИШИД террорчиларига қарши курашда айнан улар билан ҳамкорлик қилади. Вашингтоннинг ҳозирги сиёсати минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш учун хизмат қилади, деб ўйламайман", - деди Йилдирим АҚШга ташрифи бўйича CNN телеканалига берган интервьюсида.
У шунингдек АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсатини ҳам танқид қилди. "АҚШнинг Дональд Трамп бошчилигидаги янги ҳукумати ядровий дастур бўйича шартномани бекор қилишга ҳаракат қилиб, Эронга қарши чиқишга мойиллик билдирмоқда. Вашингтон юридик жиҳатдан бунинг уддасидан чиқади, деб ўйламайман, зеро гап кўп томонлама келишув ҳақида бормоқда", - деди Туркия бош вазири. Бундан ташқари, Йилдирим Европа давлатлари Трампнинг Эронга нисбатан позициясини қўллаб-қувватламасликларини таъкидлади.