Жаҳон | 10:16 / 02.12.2017
6459
2 дақиқада ўқилади

Ҳондурасда тартибсизликлар, комендантлик соати жорий этилди

Фото: AP

Ҳондурас вазирлар кенгаши фуқаролар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини тўхтатиб қўйди. Бу президентлик сайловларидан сўнг ушбу мамлакатни қамраб олган оммавий тартибсизликлар фонида юз берди, деб хабар қилмоқда Reuters.

Таъкидланишича, ҳукумат қўшинлари ва полицияга тартибсизликлар, талончиликлар ва протестларни босиб туриш учун кенгайтирилган ваколатлар берилди.

Бундан ташқари, вазирлар кенгаши котиби Эбаль Диаснинг маълум қилишича, мамлакат ҳудудида комендантлик соати жорий этилди, у ўн кун давомида амал қилади.

Ҳондурасда тартибсизликлар президентлик сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинганидан сўнг бошланди. Намойишчилар овозларни қайта ҳисоб-китоб қилишни талаб этишган, сабаби президентлик курсиси учун пойгада мухолиф номзод Сальвадор Насрулло юқори фарқ билан олдинга ўтиб кетганди, бироқ кейинчалик мамлакатнинг амалдаги президенти Хуан Орландо Эрнандес уни ортда қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳондурасда амалдаги президент ўзини сайловларнинг ғолиби деб эълон қилиб қўя қолгани хабар берилганди. У тегишли натижалар эълон қилинишини кутиб ҳам ўтирмаган. Мексиканинг Financiero портали хабарига кўра, Эрнандес овозларнинг 44 фоизини олган, унинг асосий рақиби, мухолиф альянсдан номзод – Сальвадор Насрулло эса тахминан 35 фоиз. 

Мавзуга оид