Жамият | 10:20 / 20.12.2017
27935
3 дақиқада ўқилади

Порахўр маҳалла раиси қўлга олинди

Бугунги кунда маҳалла ноёб институт сифатида мавқеи баланд, нуфузли жамоат ташкилоти ҳисобланади. Бинобарин, инсоннинг яхши-ёмон куни маҳалла билан. Шу боис маҳаллага раис сайланаётганда аввало, унинг ҳалол, пок инсонлиги, катта ҳаётий тажрибага эга эканлиги, турмушнинг паст-баландини тушуниб етишига эътибор қаратилади.

Бухоро вилояти Пешку тумани “Туркистон” маҳалласи аҳолиси Бегмурот Муротовга катта ишонч билдириб, уни ўзларига бош – маҳаллага раис қилиб сайлашди. (Ҳолбуки, “раис бобо” биринчи марта 1994 йилда, иккинчи марта 2001 йилда жиноят ишлари бўйича Вобкент туман судининг ҳукмига кўра жазога тортилиб, амнистия актига кўра жазодан озод қилинган эди. Аммо, негадир маҳалла раисига тегишли айни шу жиҳатга ҳеч ким эътибор қаратмади).

Одамнинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, мансаб бериб кўр, дейишади кексалар. Бегмурот Муротов ҳам маҳаллага раис бўлгач, анча ўзгариб қолди. Асосийси, унга иши тушиб келганларга қонун талаби доирасида эмас, ўзининг нафси доирасида талаб қўя бошлади, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

“Закаш” қишлоғилик Ҳусен Жумаев узоқ ўйлаб, истиҳоли масала билан маҳалла раиси эшигини қоқди.

- Хўш-ш... Келин самарқандлик, шундайми? – сўради фуқаронинг мурожаатини тинглаган раис.

- Ҳа-ҳа, Самарқанддан.

- У киши доимий “учётда” турмасалар, болангиз учун нафақа пули беролмаймиз.

Орадан қарийб бир йил ўтгач, раис айтганидек турмуш ўртоғини рўйхатга киритгандан сўнг Ҳ.Жумаев 2 ёшгача бола парвариши учун нафақа берилишини илтимос қилиб, яна мурожаат қилди. Бу сафар маҳалла раиси дангалига кўчди.

- Ишингиз ҳал бўлади. Фақат... фақат битта “но”си бор! Очиғини айтаман, нафақа пули тайинлангач, икки ойлигини берасиз.

- Бўпти, келишдик.

Уч кун деганда, фуқаронинг мурожаати ҳал этилди. Бироқ, қуруққа эмас, “қуруғи”га!

- Ишингиз битди. 200 минг сўм пул олиб келинг, - М.Бегмуротовнинг телефон гўшагидан жаранглаган овозида нафс ғалабаси, ақлнинг мағлубияти сезилиб турарди.

200 минг сўмни пора сифатида санаб олаётганда қўлга тушган раис бобо сувга тушган мушукдек мунғайиб қолди. Пушаймонлик ва надоматдан боши хам бўлди. Унга ишонч билдирган халқнинг, ҳамқишлоқларининг ишончига путур етди.

Жиноят ишлари бўйича Пешку туман судининг ҳукмига кўра. М.Бегмуротов 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. 

Мавзуга оид