Ўзбекистон | 18:40 / 19.01.2018
24286
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли фуқаро «жиноятчи»га чиқарилди

Икки фарзанднинг отаси, оиласи билан тинч-тотув яшаб келаётган Касби туманилик Шерзод Холиёров (исм ва фамилияси ўзгартирилган) геология-қидирув ишлари билан шуғулланадиган корхонага ишга кирмоқчи бўлиб, мурожаат қилганида унинг ҳужжатлари текшириб кўрилди, деб ёзмоқда «Халқ сўзи» нашри.

Кутилмаганда мазкур корхона мутасаддилари унинг муқаддам судланганлигини айтиб қолишди. Буни эшитиб, Шерзод эсанкираб қолди. Бу ҳам етмагандай, тегишли органлардан бу ҳолатга аниқлик киритишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари ҳеч қандай натижа бермади.

Ойлаб чўзилган сарсонгарчилик ва ҳақ-ҳуқуқининг поймол этилиши Шерзоднинг соғлиғига жиддий таъсир ўтказди. Ниҳоят у Ўзбекистон Республикаси президентининг Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонасига мурожаат қилди. Аниқланишича, бунга ички ишлар ходимларининг оддий эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги сабаб бўлган экан. Унинг исм-фамилияси, ҳатто, отасининг исми билан бир хил бўлган бошқа бир фуқаро билан чалкаштириб юборилган. Ўша фуқаро эса 2011 йилда йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлиги учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган экан. 2016 йилда эса фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлагани учун яна қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қизиғи шундаки, ҳақиқий жиноятчи Касбида эмас, Қарши туманида яшайди. Уларнинг ёши ва туғилган йили ҳам бир-бирига тўғри келмайди. 

Ички ишлар идорасидаги бу чалкашликни оддийгина қилиб “англашилмовчилик бўлибди” деб қўя қолишди. Лекин биргина мурожаат билан аниқланиши мумкин бўлган ушбу англашилмовчилик учун бир бегуноҳ фуқаро уч ой овора бўлиб, Халқ қабулхонасининг аралашуви билангина ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклади. Қолаверса, ишсиз ҳам қолди. 

Мавзуга оид