Жаҳон | 10:30 / 28.01.2018
4922
2 дақиқада ўқилади

Ҳондурас президенти иккинчи президентлик муддатини бажаришга киришди

Хуан Орландо Эрнандес Ҳондурас мухолифатининг узоқ давом этаётган норозиликларига ва мамлакатда юқори хавфсизлик чоралари кўрилган вазиятда 27 январда иккинчи муддатга Ҳондурас президенти лавозимини бажаришга киришди.

Маросим мамлакат пойтахти Тегусигальпадаги марказий стадионда президент тарафдорлари ва хорижий делегациялар иштирокида бўлиб ўтди. Стадион атрофида норозиликлар бўлиши эҳтимолига бир нечта хавфсизлик ҳалқалари тизиб чиқилган. 

“Менинг ваъдам – барча учун хизмат қилиш ва мен бугун барча ҳондурасликлар ўртасида ярашув жараёнини бошлашга ваъда бераман. Раҳмат, Ҳондурас халқи”, деб айтган Эрнандес нутқи давомида.

Мухолифат ва унинг етакчиси, президент сайловларида ютқазган Сальвадор Насралла ўз тарафдорларини инаугурация маросимига халақит қилиш учун стадионга марш билан боришга чақирган. Тегусигальпанинг турли туманларида эрта тонгдан Эрнандеснинг президент лавозимини бажаришга киришишига қарши норозилик намойишлари бошланган, намойишчилар турли офис биноларини остин-устун қилиб, уларга ўт қўйишган. Хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун бир неча марта кўзни ачиштирувчи газ қўллашган.

Эрнандес мамлакатнинг янги конституцияси қабул қилинган 1982 йилдан кейин кетма-кет икки муддат президент бўлаётган биринчи Ҳондурас президенти бўлди. У 2013 йилда биринчи сайловларида жиноятга қарши кураш шиори остида иштирок этган. Ўшанда жиноятчилик даражаси жуда юқори бўлган (йилига 100 минг кишига 75 та қотиллик). Prensa порталининг маълум қилишича, Эрнандес президентлиги вақтида бу кўрсаткич 43 тага тушган. Мамлакат бюджети дефицити эса 7,9 фоиздан 3,2 фоизгача камайган.

Мамлакатдаги навбатдаги президентлик сайловлари 26 ноябрда бўлиб ўтганди. Улардан қониқмаган мухолифат оммавий тартибсизликларга айланиб кетган кучли норозиликлар ташкиллаштирган. Охирги маълумотларга кўра, тартибсизликлар давомида 30 киши ҳалок бўлган. Намойишчилар иккинчи босқич ўтказилиши ва овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилишган. Шунга қарамай Эрнандес 19 январда президент гувоҳномасини олган.

Мавзуга оид