Ўзбекистон | 17:07 / 14.02.2018
28394
7 дақиқада ўқилади

Ҳукумат соя етиштириш бўйича янги қарор қабул қилди

Фото: NaturalON

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат билан 2017 йилда соя етиштиришда камчиликларга йўл қўйган:

а) соя экинини илмий асосланган ҳолда жойлаштиришга эътибор берилмаганлиги, соянинг янги навларини яратиш, бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, уни етиштириш бўйича илмий тавсияларни ишлаб чиқиш йўналишида илмий муассасалар фаолияти қониқарсиз ташкил этилганлиги учун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази директори Б.Холиқовга ҳамда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори Р.Сиддиқовга “ҳайфсан” эълон қилинди;

б) “Ўзпахтаёғ” АЖ (Салихов) томонидан ёғ-мой корхоналарида соя етиштирувчи хўжаликлар билан контрактация шартномаларини тузиш ишлари тўлиқ ташкил этилмаганлиги,  хўжаликларга зарур миқдорда уруғлик етказиб берилмаганлиги, соя етиштириш ва агротехника тадбирларини ўтказиш учун аванс маблағлари ўз вақтида ажратилмаганлиги ва бу борада тизимли назорат ўрнатилмаганлиги учун “Ўзпахтаёг” АЖнинг Ишлаб чиқариш ва инвестициялар бўйича директори Ғ.Пардаевга ҳамда тизимдаги ёғ-мой корхоналари - “Сурхонозиқовқатсаноати” АЖ (Нурматов), “Гулистон ёғ экстракт” АЖ (Алланазаров), “Агрохизмат Шиндонг” МЧЖ (Раджабов), “Тошкент ёғ-мой комбинати” АЖ (Розиқов) раҳбарларига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси эълон қилиш масаласи кўриб чиқилади;

в) ер унумдорлиги паст, сув билан етарли даражада таъминланмаган майдонларда соя экини жойлаштирилиши натижасида белгиланган ҳосил олинмаганлиги, сояни етиштиришда агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш таъминланмаганлиги бўйича камчиликларга йўл қўйилганлиги Андижон (Абдурахмонов), Бухоро (Барноев), Навоий (Турсунов), Наманган (Бозоров), Сирдарё (Мирзаев), Тошкент (Ибрагимов), Хоразм (Собиров) вилоятлари ҳокимларига, Қўрғонтепа (Эргашев), Шофиркон (Турсунов), Хатирчи (Алиев), Гулистон (Ибодуллаев), Бекобод (Исроилов), Шовот (Атахонов), Зарбдор (Анқаев), Узун (Норматов), Поп (Султанов), Данғара (Абдусаломов) туманлари ҳокимларига кўрсатиб ўтилади;

2018 йилда соя етиштириш прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда юқорида қайд этилган раҳбарлар уларга нисбатан вазифасидан озод қилишгача бўлган интизомий жазо чоралари кўрилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилди.

Қуйидагилар:

2018 йил ҳосили учун асосий майдонларда соя экинини навлар бўйича жойлаштириш 1-иловага мувофиқ;

2018 йилда соя дони етиштириш учун талаб этиладиган аванс маблағлари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитлар ҳажми 2-иловага мувофиқ;

соя уруғлиги етиштиришга ихтисослаштирилган уруғчилик фермер хўжаликлари 3-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига:

бир ой муддатда мазкур қарорга 1-иловада келтирилган соя экини экиладиган майдонларни фермер хўжаликлари ва контурлар (энг камида 5 гектар ва сув билан таъминланган майдон) бўйича жойлаштириш;

“Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ёғ-мой корхоналари билан соя етиштирувчи фермер хўжаликлари ўртасида контрактация шартномалари тузилишини ташкил этиш;

сояни оптимал муддатларда экиш, парвариш қилиш, соя ҳосилини ташкилий равишда ўриб-йиғиб олиш тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш вазифалари юкланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва туманлар ҳокимларига соя экинини тўлиқ ҳажмларда экиш, ўз вақтида ва сифатли парвариш қилиш ҳамда мўлжалланган ҳосилни йиғиб олиш масалаларининг назорат қилиниши юзасидан шахсий масъулият юкланди.

2018 йил ҳосили учун асосий майдонларда соя экинини жойлаштириш, етиштириш ва доимий мониторинг олиб бориш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби (кейинги ўринда Республика ишчи гуруҳи деб аталади) 4-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Республика ишчи гуруҳи (З.Т.Мирзаев):

ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос равишда сув таъминоти яхши бўлган, унумдор ер майдонларига соя экинини жойлаштиришда;

фермер хўжаликларига ёғ-мой корхоналари томонидан аванс маблагларини ўз вақтида ажратиш, уруғлик, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш материаллари, кимёвий воситаларни етказиб бериш, агротехника тадбирлари муддатида, сифатли ўтказилишини ташкил этиш, етиштирилган маҳсулотларни белгиланган нархларда харид қилиш ва якуний ҳисоб-китобларни амалга оширишда;

соя етиштирувчи ривожланган давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги замонавий технологияларни жорий этиш, соя етиштирувчи фермер хўжаликлари ва соҳа мутахассислари малакасини доимий равишда ошириб боришни ташкил этишда амалий ёрдам берилишини таъминласин.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳудудларнинг иқлим шароитларига мос, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли соя уруғлигини хорижий мамлакатлардан олиб келиш юзасидан соя навлари ва талаб этиладиган ҳажми бўйича “Ўзпахтаёг” АЖга ўз таклифларини 20 кун муддатда киритадилар.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Микробиология институти бир ой муддатда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитида соя уруғларига ишлов берадиган биопрепаратлар ишлаб чиқаришни ташкил этади.

“Ўзпахтаёғ” АЖ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туманлар ҳокимликларининг:

2018 йил 1 апрелгача соя етиштирувчи фермер хўжаликлари ва буюртмачилар ўртасида тузилган контрактация шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ва соя етиштирувчи хўжаликларга юқори сифатли уруғликларни сертификатланган ҳолда аванс маблағи ҳисобидан етказиб берилишини таъминлаш;

соя етиштирувчи фермер хўжаликлари “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ёғ-мой корхоналари ўртасида тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ маҳсулот етиштирувчиларга агротехника тадбирларини ўтказиш учун бериладиган соя уруғлигини ҳисобга олган ҳолда шартнома қийматининг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс маблағларини босқичма-босқич тўлаб бериш чораларини кўриш;

“Ўзпахтаёғ” АЖнинг ижро этувчи аппарати бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида ёғ-мой корхоналари илмий-техника марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда хомашё базасини ривожлантириш бўлимини, шунингдек, тизимдаги барча ёғ-мой корхоналарида мутахассис агроном лавозимини жорий этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилди.

Тижорат банкларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига бир ой муддатда “Ўзпахтаёғ” АЖ тизимидаги ёғ-мой корхоналарига соя етиштирувчиларни аванс бериш учун зарур бўладиган кредитларни белгиланган тартибда ажратиш тавсия этилди.

Белгилаб қўйилишича, сояни экиш ва парвариш қилиш ишлари фермер хўжаликларига ушбу мақсадлар учун очилган махсус ҳисоб рақами орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси 2018 йил 15 майгача, ҳудудий бошқармаларни жалб этган ҳолда, соя экилган майдонларни назорат ўлчовидан ўтказади ва амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев зиммасига юкланди.

Мавзуга оид