Жамият | 01:05 / 10.03.2018
33939
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир наманганлик тикувчилар масаласини ижобий ҳал этди

Фото: Uzbekistan24.uz

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда узилишларни олдини олиш мақсадида амалий чора-тадбирларни қабул қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Аввал, таҳририятга етиб келган мурожаат асосида, Kun.uz'да наманганлик тикувчиларнинг фаолиятида пайдо бўлган айрим масалаларга атрофлича тўхталиб ўтилганди. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов иштирокида Наманган вилоятида ўтказилган очиқ мулоқот ҳақида хабар берилди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов соҳада маҳсулотларни ишлаб чиқаришда узилишларни олдини олиш мақсадида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров томонидан билдирилган таклифга розилик берган. Унда билдирилишича, мазкур масала ечими сифатида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан фармойишга ўзгартириш киритилишига қадар, истисно тариқасида, фармойишда рўйхатга мос равишда импорт қилинаётган хом-ашё ва бутловчи қисмларга божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган ҳолда расмийлаштирувини амалга ошириш юзасидан Давлат божхона қўмитасига кўрсатма бериш сўралган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган наманганлик ишбилармонлардан бири Бош вазир иштирокида ўтказилган видеоселектор айни шу масалага бағишланганини билдирди. Унинг айтишича, Арипов айрим мутасаддиларнинг фаолиятини танқидий таҳлил этиб, тадбиркорларни қийнаб турган муаммо дарҳол ечим топишини сўраган. 

Эслатиб ўтамиз, Бош вазир ўринбосари Нодир Отажонов «Наманган вилоятида 1,4 минг тикув-трикотаж корхоналари фаолият юритиши, улар олдида пайдо бўлган масалани амалий тарзда, мавҳум муддатларга қолдирмай ҳал қилиниши» лозимлиги ҳақида гапирганди.

Мавзуга оид