Ўзбекистон | 08:31 / 09.04.2018
7985
3 дақиқада ўқилади

Фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмалар сони маълум бўлди

Фото: ЎзА

2018 йил 1 апрель ҳолатига республикада фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмаларнинг сони 238,5 мингтани ташкил қилган. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, бу кўрсаткич 2017 йил 1 апрель ҳолатига қараганда 7,4%га ошган. Фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмаларнинг асосий қисми яъни 53,9 мингтаси (22,6%) Тошкент шаҳрига, 22,8 мингтаси (9,6%) Тошкент, 21,1 мингтаси (8,9%) Фарғона ҳамда 20,8 мингтаси (8,7 фоизи) Андижон вилоятлари ҳиссаларига тўғри келади.

Иқтисодий фаолият турлари кесимида фаолият кўрсатаётган жами 238,5 мингта кичик корхона ва микрофирмаларнинг 63,8 мингтаси (26,8%) – савдода, 49,7 мингтаси (20,8%) - саноатда, 29,3 мингтаси (11,0%) - қурилишда, 21,7 мингтаси (9,1%) - қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида, 17,7 мингтаси (7,4%) - яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида, 12,3 мингтаси (5,2%) - ташиш ва сақлашда, 6,3 мингтаси (2,6%) - ахборот ва алоқа соҳасида, 4,7 мингтаси (2,0%) - соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда, шунингдек 36,0 мингтаси (15,1%) - бошқа фаолият турлари ҳиссаларига тўғри келади. 

Шундан кўриниб турибдики, фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмаларнинг асосий қисми саноат ва савдо фаолият турларига тўғри келади. Шунингдек, энг кам улуши эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ҳамда ахборот ва алоқа фаолият турларига тўғри келади.

2018 йил январь-март ҳолатига 13,2 мингтага яқин кичик корхона ва микрофирмалар янги ташкил этилган. Бу эса 2017 йилнинг шу даврига нисбатан қараганда 3,1%га кўпдир. Энг кўп янги ташкил этилган кичик корхона ва микрофирмалар Тошкент шаҳрида (3055та), Тошкент (1307та), Фарғона (1105та) ва Самарқанд вилоятларида (1088та) ташкил этилган. Энг кам Сирдарё (362та), Хоразм (450та) ҳамда Навоий (514та) вилоятларида ташкил этилган. 

Иқтисодий фаолият турлари кесимида эса энг кўпи савдода (3066та), саноатда (3009та), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида (1720та) ва қурилишда (1666та) ташкил этилган. Энг кам эса ахборот ва алоқада (362та), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда (364та) ҳамда ташиш ва сақлашда (563та) ташкил этилган.

Мавзуга оид