Жамият | 20:21 / 23.04.2018
10123
5 дақиқада ўқилади

Саксонта достонни ёд билган бахши саводсиз бўлган(ми?)

Бахшиларнинг чиқишларини ойнаи жаҳон орқали кузатганимда, яшириб нима қилдим, узоқ тинглаб ўтиришга сабрим етмаганди. Бугунги замонавий куй-қўшиқларга, гумбур-гумбур оҳангларга ўрганганимиз учунми, очиғи, дўмбира ва бахши овози аллақандай ғайриодатий ва зерикарли туюлганди. Боз устига, қизиқчилар негадир ҳадеб бахшиларни ҳажвга олишгани учунми, мен каби бугунги кўплаб ёшлар бахши хонишини жиддий қабул қилишмайдиям. Аммо яқинда бир сабаб билан қишлоққа меҳмонга борганимда, бутун тасаввурларим остин-устун бўлди. Сабаби сокин оқшомда гулхан атрофида ўтириб, бахши наволарини тинглашнинг гашти бошқача экан. Телевизор ёки радио орқали эмас, бахшининг ёнида туриб, асрлардан асрларга ўтиб келаётган достонларни жонли эшитишни, рости, ҳеч нарса билан солиштириб бўлмас экан. Энг замонавий мусиқаю энг зўр қўшиқчиларнинг ашуласи бир томон, бахши бобонинг дўмбирасию овози бошқа томон бўлиб қоларкан. Кенг даштларга ҳамоҳанг нолалар, Алпомишнинг юрагидаги ўту, Барчинойнинг нигоҳидаги сеҳр таърифи сизни ҳам беихтиёр мафтун этиб қўяркан. Хуллас, бир эшитдиму, бахшичилик санъатига меҳрим тушди.

Шу даврада Пўлкан бахши деган ном ва у ҳақдаги айрим ҳаётий ҳикоялар ҳам қулоғимга чалинган эди. Яқинда эса бир маълумотни ўқиб, ёқа ушлаб қолдим. Сиз ҳам бир ўқинг-а: “Пўлкан — бахши бўлуви ила баробар бир шоирдир. Бу одам ҳозир саксонга яқин достон биладир. Бу достонларнинг беш-олтитаси замонавий бўлиб, қолганлари ўтган қаҳрамонлар, ботирларга тегишлидир. Бир кун бу шоир бир ярим йилдан бери Ўзбекистон Илмий Маркази учун достон айтиб беради. Уни ўқиш-ёзишни билмаганлиги учун айтган достонлари котиблари томонидан ёзилиб келинмоқдадир”, деб ёзган экан таниқли фольклоршунос олим Ҳоди Зариф 1927 йилда. Эътибор бердингизми, саксонга яқин достонни ёд билган бахши ўқиш ва ёзишни билмас эмиш. Собиқ тузум таъбири билан айтганда, ғирт саводсиз бўлганмиш.

Шу ўринда лирик чекиниш қилсак-да, Пўлкан бахши ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтсак.

Атоқли халқ бахшиси, ўзбек достончилик мактаби асосчиларидан бири Муҳаммад Жомурод ўғли Пўлкан 1874 йилда хозирги Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманига қарашли Қатағон қишлоғида, Мулла Жомурод хонадонида таваллуд топган. Ундаги достончиликка меҳр-муҳаббат юксаклигини билган Қўрғон достончилик мактаби намоёндаларидан бири, машҳур Жассоқ бахши уни ўзига шогирдликка қабул қилади ва 70дан ортиқ достонни ўргатади: «Гўрўғли» туркумидаги достонлар, «Қиронхон», «Орзигул», «Алпомиш», «Ёдгор», «Рустам» туркуми ва бошқалар. У Жассоқ бахшининг 12-шогирди ҳисобланади. Шундай қилиб, Муҳаммадқул 25 ёшида халқ достончиси сифатида элга танилади.

Октябрь инқилобидан кейин, Пўлкан шоир кўплаб ҳамюртларимиз каби совуқ Сибирь ўрмонларига мардикорликка сафарбар қилинади. Маълумотларга қараганда Муҳаммадқул “Пўлкан” тахаллусини мардикорликда юрган пайтида танлаган. Бу жумла “полк” сўзига “ан” қўшимчаси қўшилувидан ҳосил бўлган, деган қарашлар бор. Бошқа маълумотларга кўра “Пўлкан” қадимги мўғулчада “улуғ”, “катта” маъноларини англатади. Бахши шоир шу сабабли бу сўзни тахаллус сифатида қабул қилган бўлиши мумкин.

Бахши-шоир 1942 йилда қатағонга учраган. Каттақўрғон қамоқхонасига қамалгандан сўнг, орадан кўп вақт ўтмай сил касаллиги туфайли вафот этган.

Шу ўринда яна бир маълумот. Умри давомида Пўлкан бахши ижодини тадқиқ этган академик Воҳид Абдуллаев шундай ёзган экан: “Пўлкан шоир 70 достонни сатрма-сатр ёд билган. Бири иккинчисини такрорламайди. Саводсиз бир сағирнинг улкан сўз санъаткорига айланиши бир мўъжиза, Яратганнинг инъоми. Мени ҳам илҳомимга илҳом қўшган, адабий фаолиятимга қанот берган бу улкан сўз устасини ёшлигимдан бери қаттиқ тадқиқ қиламан”. Бизга қизиқ туюлгани бу академик олим ҳам Пўлкан шоирни саводсизликда айблайди. Нега? Ёки  шоир-бахши ҳақиқатан ҳам ҳарф танимаганми?

Асл ҳақиқат шуки, собиқ тузум пайтида Пўлкан шоир оғзидан ўттиздан ошиқ достон ва термалар ёзиб олинган. Унинг ўзи эса ўша даврда янги жорий қилинган кирилл имлосини яхши билмагани учун саводсиз, деб ҳисобланган. Аслида, Пўлкан бахши хатирчилик шайхдан Қуръони Каримни ўрганган ҳамда ислом динини ва фалсафасини яхши билган илмли киши бўлган.

Зуҳал Рўзиева

Мавзуга оид