Жаҳон | 00:38 / 11.08.2018
12071
3 дақиқада ўқилади

АҚШ турк алюминийси ва пўлатига божларни икки баробарга оширди

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат ҳудудига Туркиядан олиб кириладиган алюминий ва пўлатга бож тўловларини икки баробар оширишни маъқуллади.

«Туркияга тўхталадиган бўлсам, мен ҳозиргина, турк лираси бизнинг ўта бақувват долларимизга нисбатан кескин қулаётган бир чоғда алюминий ва пўлатга бож тўловлари икки баробар оширилиши ҳақидаги қарорни имзоладим! Алюминийга нисбатан бож тўловлари 20 фоизга, пўлатга нисбатан — 50 фоизга ошди. Ҳозир бизнинг Туркия билан муносабатларимиз у қадар яхши эмас!» — деб ёзган Америка етакчиси ўз Twitter аккаунтида.
 

 

Ражаб Тоййиб Эрдўған эса ўз мамлакатига қарши иқтисодий уруш очган кучларга нисбатан кураш олиб боришга ваъда берди.

«Туркия ҳар қандай салбий сценарийга қарши чоралар тайёрламоқда. Миллий валютанинг қадрсизланишидан, фоиз ставкалари ошиши ва Анқара манзилига таҳдидларда хурсанд бўлаётганлар ҳеч нарсага эриша олишмайди», — деган Эрдўған Бойбурт вилоятида чиқиш қила туриб.

Унинг сўзларига кўра бир қатор давлатлар атайлаб Анқаранинг миллий манфаатларига дахл қилувчи аксилтуркия позициясини ушлаб олишган. Эрдўған иқтисодий соҳада сўнгги кунлардаги негатив жараёнларни «Аксилтуркия сиёсатининг навбатдаги кўриниши» деб баҳолаган.

Жума куни Туркия валютаси янги тарихий минимум — 1 долларга 6,4684 лирагача қулади.

Эндрю Брансон иши

Илгарироқ АҚШ молия вазирлиги америкалик пастор Эндрю Брансоннинг иши юзасидан Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ва ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлуга нисбатан санкция жорий этган эди. Бу амалдорларнинг АҚШга кириши тақиқланади, уларнинг Америкадаги активлари музлатилади. Шундан сўнг лира курси кескин тушиб кетди.

Туркия ҳокимияти америкалик пасторни 2016 йилнинг октябридан буён ҳибсда сақламоқда. Уни Туркияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган мухолифатдаги ислом воизи Фатҳуллоҳ Гулан ташкилоти (FETO) га ёрдам бериш, шунингдек Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси (КИП) ни қўллаб-қувватлашда айблашмоқда. Брансон бу айбловларни «шармандали ва ярамас», дея рад этиб келмоқда.

Мавзуга оид