Иқтисодиёт | 07:22 / 14.08.2018
17671
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй турк лирасининг қулашига изоҳ берди

Фото: Fotolia / Hayati Kayhan

Оқ уйнинг иқтисодий маслаҳатчиси Кевин Хассетт Туркия бозоридаги тебранишларга Америка санкциялари ва импорт божлари оширилиши билан эмас, балки демократиядан четлашиш билан изоҳ берди.

«Мамлакат либерал демократия билан алоқани йўқотса, унда иқтисодиёт билан нима бўлишини ҳеч ким аниқ билмайди. Менимча, жуда катта ноаниқликлар бор», - деди Хассетт MSNBC эфирида.

«Валюта 40%га қуласа - бу мамлакатда иқтисодиётнинг кўплаб асосий кўрсаткичлари тартибга солинмаганлигининг белгиси», - дея қўшимча қилди Хассетт. Унинг сўзларига кўра, импорт божлари фақат пўлатга тегишли бўлди, бу соҳа эса Туркия иқтисодиётининг «жуда кичик қисми» саналади. Шунингдек, Хассеттнинг хабар беришича, АҚШ маъмурияти лира курсини жиддийлик билан кузатиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияни валюта инқирози қамраб олгани, лира рекорд даражагача қулагани хабар берилганди.

Йил бошидан буён турк лираси ўз қийматининг 27 фоизини йўқотди. Кеча 1 АҚШ доллари 7,1 турк лирасига сотилган.

Мавзуга оид