Жаҳон | 18:20 / 17.08.2018
13425
2 дақиқада ўқилади

Брансон иши. Туркия ён бермаяпти

© AFP 2018 / Stringer

Туркия суди америкалик пастор Эндрю Брансонни уй қамоғидан озод қилиш бўйича сўровни яна рад қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

NTV телеканали хабарида қайд этилишича, Туркия суди учинчи марта пасторни озод қилиш бўйича сўровга рад жавоби қайтармоқда. 15 август куни ҳам суд Брансонни озод қилиниши ва мамлакатдан чиқиб кетиш ҳуқуқига эришишга ҳаракат қилаётган ҳимоя томонининг аризасини қаноатлантирмаганди.

Туркия ҳукумати Брансонга терроризм бўйича айблов қўйган, у 2016 йилнинг 16 июлидаги воқеаларга алоқадорликда гумон қилинган. Пасторнинг ўзи барча айбловларни рад этмоқда.

Брансон иши Анқара ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик можарога олиб келди. Муносабатлар кескинлашуви ортидан турк лираси қадри пасайгандан пасаймоқда.

1 август куни АҚШ молия вазирлиги Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ва ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлуга нисбатан санкция жорий этди. 

Кўп ўтмай АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия пўлати ва алюминийсига божларни икки баробарга ошириш ҳақидаги қарор қабул қилди. Натижада лира курси қулай бошлади.

Лира 2018 йил бошидан буён 40 фоизга қадрсизланди, пасторни озод қилиш бўйича сўров рад этилгани ҳақидаги хабардан кейин 1 АҚШ доллари 6,18 турк лирасига сотилмоқда. Ҳолбуки, 2 йил муқаддам 1 АҚШ доллари 2,95 лирага тенг эди.

Мавзуга оид