Спорт | 18:31 / 27.08.2018
32318
5 дақиқада ўқилади

Купер учун идеал турнир: раҳмат сенга, Индонезия!

Индонезиядаги футбол турнири, терма жамоамизнинг у ердаги иштироки менга жуда ёқди. Ёшларимизнинг бу турнирда кучлироқ ё кучсизроқ, яхшироқ ва ёки ёмонроқ эмас, фарқлироқ бўлишгани, айниқса. Айтиш мумкинки, Индонезиядаги термамизни олдингиларга ўхшатиб турган ягона жиҳат Забиҳилло Ўринбоевнинг таркибда бўлгани холос. Ҳатто йил бошида чемпион бўлган жамоамиздан ҳам бошқачароқ ўйнади буниси. 

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Турли ёшдаги терма жамоаларимиз жуда кўп турнирларда қатнашишган, финалда ўйнаганмиз, уч марта чемпион бўлганмиз. Ярим финалдан жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилиб қайтган пайтларимиз бўлган. Ўша муваффақиятли турнирлар билан таққослаганда, бу сафаргиси жуда қуруқ бўлгандир, ким учундир аламлидир, аммо бир жиҳат билан мен Индонезиядаги иштирокимизни аввалги икки мусобақага ўхшатдим. Биринчиси – ёшларимиз тарихимизда илк бор жаҳон чемпионатига чиққан Қатардаги, ўша Гейнрих-у Саломовлар порлаган турнир. Иккинчиси – Инилеев терма жамоамиз бошқарувига келишидан олдин, яна Қатарда ўтган, Азиз Ҳайдаров кашф этилган 2006 йилги Осиё ўйинлари... Ўша жамоаларимиз бошқалардан фарқланиб турарди. 

Ёш бўйича чеклов ўрнатилган терма жамоалар ўртасидаги ҳар қандай турнирга мен бошқа ракурсдан қарашга ўрганиб қолганман. Назаримда, мутасаддиларимиз мураббийдан кўпинча, иложи борича яхшироқ натижа, масалан чемпионлик ёки йўлланма талаб қилишар ва қачон қараса, жамоаларимиз тактик жиҳатдан ўта биқиқ ўйин намойиш этишарди. Мураббийнинг тактикасидан чиқиб кетмаслик, тартибли ўйин кўрсатиш ва хато қилишдан қўрқиш баъзи ўйинларимизда жамоаларимизга натижа олиб келгандир эҳтимол, аммо футболчиларимизнинг индивидуал маҳоратини очиб бермагандек туюларди. 

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов
Фото: ЎФА матбуот хизмати

Ёшлар ўртасидаги ҳар қандай турнирда мен айнан футболчиларнинг индивидуал маҳорати очилишини кутаман, айнан мана шу томондан муваффақият қозонилса, кейинчалик, миллий терма жамоамизга фойдалироқ бўлади деб ўйлайман. Чунки маълум қолипга ёки мураббий томонидан берилган вазифаларга қаттиқ боғланиб, баъзи вазиятларда эркинлиги чекланган футболчининг ҳақиқий маҳоратини билиш қийин. Агар бундай ҳолат клубда бўлса, майли, ўша маълум вазифа учун қўлланилган футболчи кейинчалик ҳам, худди шу юклама ва вазифаларни бажариш учун мураббий томонидан ишлатилаверади. Аммо вазиятга, айтайлик, Купернинг кўзи билан қарасак, бу турнирда муҳими унга футболчиларимизнинг ижро маҳоратини намойиш этиб бериш эди. Менимча, ўта прагматик ўйинлар билан финалгача етиб борган жамоадан кўра, ҳар бир футболчининг индивидуал маҳоратини майдонда томоша қилиш Купер учун фойдалироқ бўлди. 

Балки, Ҳайдаровнинг Убайдуллаев ёки Нуралиевдан фарқли равишда, ўта тактик мураббий эмаслиги бунга сабаб бўлгандир. Балки бу турнир бирор олимпиада ёки бошқа мусобақага йўлланма тақдим этмагани йигитлардан босимни олиб ташлагандир. Нима бўлганда ҳам, Равшан Ҳайдаров мана шундай вазиятда нима қилиш керак бўлса, шуни амалга оширди. У футболчиларга максимал даражада эркинлик берди, ҳужумларни ташкил қилиш, позицион ўйин ва импровизация борасида имкон қадар футболчиларнинг салоҳиятларига таянди. Жамоа билан олиб кетилган ёши каттароқ футболчилар ҳам тажрибали ҳимоячи ёки таянч футболчиси, масалан Ҳайдаров ёхуд Анзур Исмоилов эмас, мана шу ансамблга ўйин услуби ва фалсафаси бўйича тушадиган Алибоев ёки Машарипов эканининг ўзиёқ бундан далолат қилмоқда. 

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Айтмоқчиманки, янги чет эллик мураббий тайинланган, олдинда бизни Осиё кубоги кутиб турган айнан мана шу паллада бу мусобақага айнан шундай ёндашиш талаб этиларди ва бу жиҳатдан Равшан Ҳайдаров ўз вазифасини аъло даражада уддалади, дейишим мумкин. Шу томондан бу жамоанинг иштироки юқорида тилга олинган икки турнирни эслатиб юборади. Яъни Жакартада футболчиларнинг индивидуал маҳорати олдинги планга чиқиб турди.

Ҳайдаров шогирдлари 5 ўйинда 14 гол уришди. Дарвозага берилган зарбалар, дриблинглар, комбинациялар борасида ҳам турнирнинг энг яхшиларидан бўлишди. Машарипов, Алибоев, Ҳамдамов, Сидиқов ёки бошқа футболчиларимизнинг ҳар биридан чиройли узатмалар, голлар ва ҳаракатлардан иборат лавҳаларни яхшигина йиғиш мумкин. Қизиғи, бугунги мағлубиятимизга ҳам корейсларнинг кучли босими ёки уларнинг биздан яққол кучли бўлиб, ютқазишдан бошқа иложимиз йўқлигидан эмас, айнан Ашурматов ёки Эргашевнинг индивидуал хатолари сабаб бўлди. Бундан бошқа яна қандай ойна керак бизга, тўғрими?

Майли, умумжамоа қанақадир медалдан қуруқ қолган бўлсин, лекин менимча, Эктор Купер бу учун идеал турнир бўлди. У мана шу беш ўйиндан ўз блокнотига жуда кўп қайдларни ёзиб қўйган бўлиши керак. Бундай фойдали ўйинлар олти ёки еттита эмас, бешта бўлиб қолгани бироз хафа қилади холос...

Қаҳрамон Асланов

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Мавзуга оид