ОВИРдан қутулмаган Ўзбекистон ва паспорт атрофидаги машмашалар
1974 йили 28 августда СССР давлатида илк марта деҳқонларга паспорт берила бошланган. Қарийб ярим аср мобайнида собиқ шўролар ҳукумати аҳолининг барча қатлам вакилларига бирдек паспорт тақдим этмади. Гап шундаки, советлар халқнинг ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож ҳамда интеллегенцияси вакилларининг хорижга кетиб қолишидан қўрққан.
ХХ асрнинг 20-йилларида амалиётга татбиқ этилган коллективизация ислоҳоти қишлоқ хўжалиги ходимларининг меҳнатини арзимас тўлов ва маҳсулотлар қийматига тенглаштирди. Шундай сўнг, деҳқонларнинг иш жойини тарк этиб, аҳоли гавжум, нисбатан марказий шаҳарларга иш излаб келиши кучайди. 1932 йили Марказий ижроия қўмита янги қарорни эълон қилди: мамлакатда ягона паспорт тизими жорий этилади. Шу орқали фуқароларнинг давлат ичида шаҳарлараро эркин ҳаракатланишини чекловчи прописка тизими ҳам пайдо бўлди.
Колхозчиларнинг мамлакатдан умуман чиқиб кетолмаслик, шунингдек, йирик шаҳарларга кўчиб бормаслиги учун, уларга паспорт ҳам берилмади. Бу жараён 1974 йил 28 августга қадар давом этди. Расман колхозчининг бошқа шаҳарга кўчиб ўтишга, хорижга чиқишга ҳам имконият бор эди: бунинг учун унга колхоз раисининг ёзма рухсатномаси тақдим этилади. Фақат 1983 йили Совмин эълон қилган янги қарорга кўра, 16 ёшга тўлган барча СССР фуқаролари паспорт олишга ҳақли ва мажбур бўлди.
Тарих силсиласида муҳрланган ушбу воқеаларнинг бир жиҳати Ўзбекистон фуқаросини ажаблантирмайди. Яъни, колхоз раиси рухсат бергандагина четга чиқиш имконияти ҳанузгача Ўзбекистонда ўзгача шаклда барҳаёт. Бу халқ тилида оммалашган ОВИР (СССР ИИВ тизимида мавжуд Отдел виз и регистрации сўзларининг аббревиатураси) ёхуд хорижга чиқиш учун рухсатномасини (стикер) эслатиб юборади.
Минг шукрки, собиқ совет элементи (балки қулдорлик дермиз) ҳаётимиздан йўқ бўлиб кетиши мумкин (эди). Гап шундаки, ички ва хорижга чиқиш паспортларини бериш тартибини жорий қилган ҳолда шу йилнинг учинчи чорагида хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш кўзда тутилган. Аммо, бироқ, лекин...
Маълум қилинишича, ID-карталар ҳақиқий амалдаги биометрик паспортларни алмаштиради, стикерлар белгиланган муддатгача амал қилади. Шундан сўнг, янги тартибга кўра, хорижга чиқиш учун «миллати» устуни қўшилмаган янги паспорт берилади. Соддароқ қилиб айтганда, фуқаролар ID-карта ва хорижга чиқиш паспорти билан қолади. Бу амалиёт барча ривожланган мамлакатларда ҳам учрайди. Хурсанд бўлишга шошилмаймиз, зеро, масаланинг нозик жиҳатлари ҳам бор.
Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Нодир Закировнинг айтишича, жорий этилганига 5 йил бўлган қўлимиздаги паспорт хорижга чиқиш учун барча стандартларга жавоб беради.
«Ҳозирги биометрик паспортимиз сиз-у бизга неча пулга тушганини биласизми? 2010 йил Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат персоналлаштириш маркази биометрик паспортларни йўлга қўйиш учун Франциянинг Oberthur Technologies компаниясига 75,1 миллион евролик шартнома тақдим этган», деб ёзади ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси.
Ҳақиқатан, Ўзбекистон миллий паспорти Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилотининг барча талабларига жавоб беради, унда визалар учун махсус варақлар мавжуд, энг илғор технология асосида яратилган микропроцессор ўрнатилган. Амалдаги паспортдан воз кечиб, янги шундай (балки туси ўзгариб қолар, айтганча «миллати» устуни йўқолади-ку) шаклдаги паспортга ўтиш нимага керак? Ҳозир, яна бюджетдан шунча ўринсиз харажат керакми?
Гапнинг бошқа томонида сурат ўзгача: Жаҳон банки 2017 йили Oberthur Technologies француз компаниясининг коррупцион кирдикорлари учун, унга нисбатан санкция эълон қилган. Компания (айни пайтда у Idemia деб ҳам аталади) Бангладешда миллий ID-карта тизимини жорий этиш бўйича шартномани қўлга киритиш учун пора берганликда айбланади. Шундай қилиб, компания Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларда 2,5 йилга иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ҳа, айнан Ўзбекистон фуқаролари учун амалдаги биометрик паспорт тизимини ишлаб чиқишда иштирок этган компаниянинг шундай кирдикорлари ошкор бўлди. Бундан ташқари, аноним қолиш шарти билан суҳбатлашган юқори мансабдор шахснинг таъкидлашича, биометрик паспорт базасини мувофиқлаштириб турувчи дастур техник жиҳатдан эскирмоқда. Уни қувватлаб туриш учун дастурнинг янги калитини сотиб олиш шарт. Бундай масала мана шу паспортни жорий этиш пайтида ҳам ўйлаб кўрилганми, бизга номаълум. Гапнинг индаллоси, янги хорижга чиқиш паспорти амалдаги паспорт билан юзага келаётган масалаларни ҳам тўлдириб кетиши, балки янги фирибга ҳам йўл очиши мумкин.
Демак, барча стандартларга жавоб берадиган паспортимизни яна шундай паспортга алмаштиришдан юқори мансабдор шахслар манфаат кўриши мумкинми? Ким билсин, аммо янги хорижга чиқиш паспорти билан ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам тўла тикланмайди. Гап шундаки, янги хорижга чиқиш паспорти ҳам амалдагиси каби 10 йил муддатга берилиши назарда тутилган. (Яна суҳбат бўлар, маҳалладан, МИБдан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома, банкдаги ҳисоб рақамлари сўралиши мумкин).
Де факто ишнинг бундай давом этиши хорижга чиқиш рухсатномасини тақдим этувчи стикернинг паспортга айланиб қолишини англатмоқда. Агар шундай бўлса, масаланинг соддароқ ечимини таклиф этамиз: ОВИР бекор қилинмасин. Давлат бюджетидан яна маблағ сарфлаб, одамларни овора қилиб янги паспорт тарқатилмасин. Шунчаки стикернинг умри 10 йилга қадар чўзилса, бас. Ҳа, айтганча, шунда ID-карта ва амалдаги паспортимиз билан қоламиз, фақат унга ёпиштириладиган стикер 10 йилга берилиши лозим.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
17:33 / 07.12.2024
Кипр Путиннинг собиқ курсдошига берилган «олтин паспорт»ни олиб қўймади
17:27 / 26.11.2024
Қозоғистон паспорти Марказий Осиёда энг кучли деб топилди
18:21 / 13.08.2024
“Шоҳ асар” — Канаданинг янги паспорти дизайни ҳақида
08:35 / 20.07.2024