Жамият | 23:07 / 07.09.2018
63027
3 дақиқада ўқилади

ТИВга мурожаат: «Бангкокда бизни сабабсиз ушлаб туришибди»

5 сентябрь куни HY 533 рейси билан Бангкокка саёҳат қилиш мақсадида учиб борган 4 нафар Ўзбекистон фуқароси аэропорт ходимлари томонидан Таиландга киритилмаган. Kun.uz таҳририятига юборилган мурожаатда айтилишича, Таиланд иммиграция полицияси офицерлари уларнинг бир ҳафтадан сўнг Ўзбекистонга қайтишлари мумкинлигини маълум қилган.

«Бизнинг барча ҳужжатларимиз жойида, саёҳат қилиш учун пулимиз етарли. Шундай бўлсада, бизни шаҳарга киритишмади ва қандайдир хонага қамаб қўйишди» – дейди ўз шахсининг сир қолишини истаган мурожаатчилардан бири.

Маълум бўлишича, ўзбекистонлик сайёҳлардан ташқари яна Шотландия, Испания, Ҳиндистон каби давлатларнинг фуқаролари ҳам шубҳа остида қолган ва улар махсус хонада ҳамон сақлаб турилмоқда.

«Нима сабабдан бундай ҳолат юзага келганини маълум қилишмади. Вазиятга консуллик ёки элчихона ходимларининг ўзлари ойдинлик киритишлари таъкидланди. Ўзбекистоннинг Бангкокдаги элчихонаси билан боғландик. Лекин улар ҳам ёрдам бера олмасликларини айтишмоқда. Илтимос, ҳурматли Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари, бизга ёрдам беринг. Бир ҳафта давомида қамоқхонага ўхшаш зах хонада ётишни истамаймиз» – дейилади видеомурожаатда.

Маълумот ўрнида айтиш ўринлики, Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси тўғрисидаги Низомнинг 6-бандида элчихонанинг асосий вазифа ва функциялари кўрсатиб ўтилган бўлиб, унга кўра элчихона жойлашган давлатда Ўзбекистон Республикаси ва унинг фуқаролари манфаатларини халқаро ҳуқуқ йўл қўйган доираларда ҳимоя қилиши лозим.

Шунингдек, ушбу бандда элчихона жойлашган давлатдаги шарт-шароитлар ва воқеаларни барча қонуний воситалар билан аниқлаштириши жоизлиги ҳам таъкидлаб ўтилган.

Сўнгги вақтларда Ташқи ишлар вазирлиги хорижда Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ равишда рўй бераётган турли ҳодисалар ҳақида тезда расмий билдириш бераётгани қувонарли ҳол. Қолаверса, ҳамюртларимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли амалий чоралар кўрилаётганини ҳам эътироф этиш лозим. Шундай экан, айни кунларда Таиландда ушлаб турилган ўзбекистонлик сайёҳлар борасида ҳам расмий маълумот орқали вазиятга ойдинлик киритилиши, халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида тўрт нафар ҳамюртимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатилишини кутиб қоламиз.

Мавзуга оид